Юнусободдаги Оқтепа ёдгорлиги сайёҳлик марказига айлантирилади

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкентнинг Юнусобод туманида Янги шаҳар ва Чинобод кўчалари оралиғида “Yunusobad Business City” қурилиши ҳақида хабар берган эдик. 

Мазкур ҳудудда нафақат уйлар, маиший бинолар – хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектлари, балки кўп йиллик тарихга эга бўлган, бироқ эътибордан четда қолиб, бугун ачинарли аҳволга тушиб қолган Оқтепа археологик ёдгорлиги ҳам бор. Бу ёдгорлик ҳам “Yunusobad Business City” лойиҳаси харитасидан ўрин олган. 

Тарихий маълумотларга қараганда, Оқтепа канали бўйида жойлашган Юнусобод Оқтепа тарихи V-XIII асрларга бориб тақалади. 1886 йилдан бошлаб олимлар томонидан тепаликлар тарихи ўрганила бошланган. Турли йиллар давомида археологлар томонидан бир неча бор қазилма ишлари олиб борилган. Жанубий томони баландроқ тепалик кўринишидаги арк ва қишлоқдан иборат бўлган. Арк харобалари шимолдан жануб томонга чўзилган ва қишлоқдан чуқур жарлик билан ажратилган. Аркка ёндашган кенг ҳовли ва унинг жанубий қисмида арк харобалари жойлашган бўлиб, қазиш вақтида хом ғишт ва пахсадан қурилган, меъморий жиҳатдан яхши сақланган бинолар қолдиқлари очилган. 

photo5289662046964656551.jpg

Юнусобод Оқтепаси VII-VIII аср бошида яшаган чошлик йирик зодагоннинг қасрли чорбоғи, саройи бўлганидан далолат беради. Топилмалар, жумладан, уммавийлар халифалиги (VIII-асрнинг биринчи ярми)га оид кумуш тангаларнинг кичик хазинаси топилган. Ёдгорликдаги ҳаёт VIII-аср иккинчи ярмида қайта жонланган, IX-XII асрларда эса у Бинкат вилоятининг мустаҳкамланмаган қишлоқларидан бўлиб, XIII аср бошида мўғуллар истилоси даврида инқирозга учраган.

Бир пайтлар ҳудуди қарийб юз гектарни эгаллаган тарихий обиданинг бугунга келиб атиги тўрт гектари қолган холос.

​Юнусобод Оқтепаси лоқайдлигимиз қурбонига айланмоқда

Кеча, 11 февраль куни “Yunusobad Business City” тақдимотида ҳудудда жойлашган Оқтепа археологик ёдгорлиги ҳақида ҳам сўз очилди. Тошкент шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, қурилиш ишлари мазкур археологик ёдгорликка зарар етказмайди, аксинча, обида ён атрофида ободонлаштирилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун шароит яратилади, сайёҳлик марказига айлантирилади. 

Маълумот учун, “Yunusobad Business city” маркази 4 та лотдан иборат. 41 гектар майдонда қурилиши кутилаётган марказнинг биринчи лотида 9,12,15 қаватли 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар бунёд этилади. Иккинчи лот ҳудудида мактаб ва боғча ҳамда 1388 ўринли автотураргоҳ барпо этиш кўзда тутилган. Майдони 1,4 гектар бўлган учинчи лотда офис ва меҳмонхоналар, 12 ва 15 қаватли бинолар қурилади. 18,2 гектарлик тўртинчи лотда эса катта боғ, кичик дўкон ва ресторанлар қуриш режалаштирилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Yunusobad Business City Юнусобод тумани

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг