Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?
Таҳлил
−
27 Январь 2022
1175925 январь. Бутун Ўзбекистон 20 соат давомида “свет”сиз қолди. Ҳатто, пойтахт Тошкент ҳам зулматга чўмиб, республика раҳбарияти энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф қилиш, одамларни тинчлантириш билан овора бўлиб турган бир пайтда “снос”ни “касб” қилиб олганлар эски “қилмиш”ларини такрорлади. Эчкига жон қайғуси, қоссобга мой қайғуси деб шуни айтишса керак.
2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Б.Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолайди.
Ҳокимнинг ушбу қарорига ишонган тадбиркорлар отни қамчилайди. Аввал болалар майдончаси қурилади, сўнг дўконлар. 2020 йилга келиб улар ўз иш фаолиятини бошлайди. Бироқ қўлида ҳокимнинг қарори бўлса ҳам кадастр ололмайди, пайсалга солинади. Орадан вақт ўтиб, 2022 йилнинг 25 январь куни мазкур ҳудудда қад ростлаган 13 бинони бузига киришилади. Қий-чув, қаршилик, бақир-чақир... Ишлаб турган дўконлар устига экскаватор тортилди.
Мулк эгалари иншоотлар суд қарорисиз бузилганидан норози бўлиб, QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилдилар. Уларнинг айтишича, бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилгунча уларга ҳеч қандай эътироз бўлмаган. Бузишга келганда ҳам ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмаган.
QALAMPIR.UZ ҳаммасига аниқлик киритиш ва ўз кўзи билан гувоҳ бўлиш мақсадида воқеа жойига етиб борди ва тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
“Унингни чиқарма, жим ўтир”
Саидаъло Нажмиддинов, тадбиркор: — Юнусобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Абдусаматовнинг 2018 йил 24 август куни берган қарорида ҳудуд ва унинг атрофини ободонлаштириш, болалар майдончаси қуриш ва енгил конструкцияли дўконлар қуриш учун рухсат берилган. Ҳокимлик талабларини бузмаган ҳолда дўконлар қурилган ва шу вақтгача улар томонида ҳеч қандай эътирозлар бўлмаган. 25 январъ куни соат 12:00 лар атрофида дўконларимиз бузилаётганидан хабар топдик. Келганимизда экскаваторлар билан дўконларни бузиш бошланганди. Прокуратура ва ички ишлар ходимлари ҳам бунга гувоҳ бўлишди ва бузилиш бошида туришди, десам ҳам бўлади. Прокуратура ходими Умид исмли шахсдан “Бузиш ҳақида ҳужжат борми?”, деб сўраганимизда ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмади, балки тезроқ бузиш кераклиги, кимдир ҳалал берса, прокуратурага олиб кетиши ҳақида айтди. Шахсий телефонимизга жараённи тасвирга олишимизда ҳам қаршиликлар кўрсатилди.
“Менман ўша миллат Умиди”
Хуршид Нажмиддинов, тадбиркор: — Бузилиш ишларига қаршилик қилишга ҳаракат қилдим. Мен ва бошқа қаршилик кўрсатганларни ППХ машинасига ўтказиб, олиб кетишди. Прокуратурага бордик. Ариза ҳам олишмади. Шунчаки 3-4 соат ушлаб ўтириб, чиқариб юборишди. Энг ачинарлиси, бизни ҳеч ким эшитмади. Қўлида қарори ҳам йўқ. “Кимсан, нега бузасан?”, десак “Умидман, мен жавоб бераман”, деб турди. Ўзи ҳеч қаерда “свет” йўқ, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлаётган бир вақтда, дўконлар бузилди. Ачинарлиси, дўконларни бўшатиб олиш учун ҳам имконият беришмади. Индамасак, одамларнинг устига экскаваторни ҳайдашарди. Хуллас, бизни эшитишни умуман хоҳлашмади. Аксинча, бизга нисбатан куч ишлатиб, аёлларни телефонларини олиб қўйишга ҳаракат қилишди.
“Қўпорилган 40 қозон”
Зуҳриддин Мелиев, тадбиркор: — Биз ўз мулкимизни ҳимоя қилишга мажбур бўлдик. Кечаси билан уйга кетмасдан, дўкон олдига машиналарни қатор териб қўйиб, дўконларимизнинг олдида ўтирдик. Дўконларни бузиш ҳақида бизни ҳеч ким огохлантирмаган. Бу дўконларда 40 га яқин фуқаро ишлаб, қозон тебратади. Биз дўконларимиз бузилишига қарши чиққан, шу ердан ризқ топадиган ходимларни ҳам ҳимоя қилишга уриндик.
“Бўлди, узр!”
Сардор Рўзиев, тадбиркор: — Бу жой ҳужжатсиз бўлган тақдирда ҳам ҳокимият биринчи навбатда судга мурожаат қилиши керак эди. Суднинг қарори билан келиб тадбиркорлар огоҳлантирилиши керак. Аммо ҳеч қандай муддат ва асоссиз зўравонлик йўли билан бугунги кунда Президентимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнат қилган ҳолда дўконларни бузишмоқда. Қачонгача бир тадбиркорни қўллаб-қувватлашни ўрнига зўравонлик йўли билан иш юритишади? Масалан, бу ҳолатдан кейин қанчадан қанча одамлар ишсиз қолди. Шу тадбиркорлар томонидан давлат ғазнасига солиқ тўланаётган эди. Бунинг орқасидан ҳукумат ҳам халқ ҳам зарар кўрмоқда.
Ҳар қандай бузилиш ҳужжат асосида бўлиши лозим. Тадбиркор ҳам инсон, тушунади. Агар ноқонуний бўлса “Бўлди, узр”, деб тушунганини айтар эди. Жамоат олдида, керак бўлса, тегишли ташкилотлар олдида бу масала муҳокама қилиниши керак. Қачонгача Ўзбекистон Республикасида тадбиркорларга нисбатан бундай муносабатда бўлишади?
Тадбиркор “Бўш иш ўрни яратаман”, деб бирон ишга пул тикса-ю эртага ҳукумат келиб уни бузса, сарсон-саргардонликда юравермайди-ку. Бу жараёнларни юқоридан кузатиб борадиган инсон ҳам бўлиши керак-ку.
Ҳоким ва прокурор тумандаги ишлардан хабардорми?
Мурод Мақсудов, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бошқарув кенгаши аъзоси: — Менга 25 январь куни соат 14:00 дан кейин Юнусобод тумани 6-даҳада жойлашган савдо мажмуаларининг бузилиши бўйича тадбиркорлар мурожаат қилди. Мен воқеа жойига етиб келганимда ҳокимият, прокуратура ва ИИБ ходимлари томонидан фуқароларнинг эътирозига қарамай, дўконлар бузилаётган эди.
Прокуратуранинг иккинчи сектор котиби Умид Азизовдан нимага асосан бузилаётгани акс этган ҳужжатни сўраганимизда, ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги ва юқоридан буйруқ бўлганини айтди. Лекин биз фуқаролар билан биргаликда ҳаракат қилиб, дўкон бузилишини тўхтатдик. Юнусобод ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига асосан ободонлаштириш ва енгил конструкцияли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун рухсат берилган. Тадбиркор буни амалга оширган ва лойиҳа сметаларини ҳам қилган, аммо айрим баҳоналар асосида кадастр ҳужжати қилиб берилмаган.
Бу ердаги қурилмалар шахсий мулк ҳисобланади. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 467- (Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида) қарори билан, шаҳарсозлик кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли (Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида) қарорига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ёки турган ери давлат ёки жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган тақдирда компенсация, тўланмагунига қадар ҳеч қандай бузиш жараёнини амалга ошириш мумкин эмас.Ҳокимият протокол асосида ноқонуний деб топганидан кейин, судга мурожаат қилган ҳолда барча қурилмани бузишга ҳақли. Бу ерда инсонларнинг шахсий ва мол-мулклари дахлсизлиги ҳуқуқлари поймол қилинган. Ҳозир биз Юнусобод ҳокимиятига бордик. Юнусобод прокуратурасига мурожаат қилдик. Лекин биз билан ҳоким ҳам прокурор ҳам баҳоналар қилиб учрашгани йўқ. Бу ҳолат бугунги кунда прокуратура томонидан текширилаётгани айтилди. Лекин Прокуратура ва ИИБ томонидан тўғридан тўғри қонунбузарлик бўлмоқда. Биз Бош прокуратурага ҳам ИИБга ҳам ариза билан мурожаат қилганмиз.
“Болларда айб йўқ”
“Снос” масаласида тадбиркорлар фикрини тингладик, суриштирув холис бўлиши учун Юнусобод туман ҳокимлигига йўл олдик. Дўконлар бузилишидан олдин тадбиркорларга огоҳлантириш хати берилганми? Тадбиркорларнинг мол-мулк дахлсизлиги бузилмаяптими? “Снос”да бош-қош бўлаётганларнинг қўлида асосли ҳужжатлари бормиди? Тадбиркорлар ноқонуний қурилиш қилгани ҳам рост десак, прокуратура ходимининг ноқонуний, устига-устак зўравонлик йўли билан буздириши қайси қонунга тўғри келади? Айнан шу саволлар билан Юнусобод тумани ҳокимиятига мурожаат қилдик. Мурожаатларимизга орадан бир сутка ўтиб, садо келди. Шунда ҳам ҳоким ёки буз-буз ва қурилишларга масъул ўринбосарлар қолиб, саволларга жавоб бериш ўроқда йўқ, бошоқда йўқ маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Даврон Султоновга юкланди. Қуёш ер атрофида айланганидек, Султонов ҳам аниқлаймиз, ўрганамиз деган жавоблар атрофида айланди, чарчамади.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — 25 январь куни Юнусобод тумани 2-мавзеда тадбиркорларга тегишли бўлган дўконлар буздирилганидан ҳокимликнинг хабари борми?
Даврон Султонов, Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари: — Албатта, кеча тадбиркорларни қабул қилдик ва улар билан гаплашиб, тушунтириш ишларини олиб бордик. Тадбиркорлар томонидан ҳужжатлар тақдим қилинди. Бу масала прокуратура томонидан ўрганилиб, қонуний хулоса берилганидан кейин, шунга қараб иш юритилади. Ҳозир бузиш ишлари тўхтатилган. Тадбиркор ҳам тўғри тарзда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб келди. Ҳаммасини тушунтирдик. Тадбиркорларнинг қўлида туман ҳокимнинг 2018 йилда чиқарган қарори бор экан. Иш кўриб чиқилиб, қонуний ва ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ерда кимнингдир ҳуқуқини поймол қилиш ёки бошқа нарса йўқ. Кимки нотўғри иш қилган бўлса, барчаси жавобгарликка тортилади.
Ф.Н.: — Туман ҳудудида бузилиши керак бўлган биноларни бузишга ким буйруқ беради?
Д.С.: — Ҳар бир бино бузилишидан аввал қурилиш бўлимида ўрганиб чиқилади. Агар иш ноқонуний бўлса, огоҳлантириш хати берилади.
Ф.Н.: — 6-мавзедаги дўконларни бузиш учун тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари берилганми?
Д.С.: — Бу ҳақда аниқ маълумотим йўқ. Прокуратура томонидан қонуний хулоса берилганидан кейин ҳаммаси аниқ бўлади ва қонуний ечим топилади. Шунинг учун озгина сабрли бўлиш керак.
Ф.Н.: — Текширув ишлари олиб борилиб, натижада ҳақиқат тадбиркорлар томонда бўлса, бузилган дўконлар учун компенсация пули бериладими?
Д.С.: — Ҳуқуқий баҳо берилганидан сўнг, айб кимда бўлса, нотўғри иш қилган одамга “нотўғри қилдинг”, деб айтилади. Бир нарсани ҳам тўғри тушуниш керак: туманда 10 мингга яқин тадбиркорлар бўлса, иши қонуний тарзда юритилса, уларга ҳеч ким тегмайди. Демак, айрим сабаблар бордирки, шундай ишлар бўлди. Сиз билан биз аниқлик киритилишини кутишимиз керак. Ҳамма тадбиркорларнинг дўкони бузиб ташланаётгани йўқ-ку.
Ф.Н.:— Дўконлар бузилаётгани ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўпчилик муҳокама қилганидан сўнг, ҳокимлик вакиллари томонидан бузилиш ишлари тўхтатилиши жуда қизиқ. Нима учун барча ҳужжатлар ўрганилиб, кейин бузилмайди?
Д.С.: — Ўзбекистонда шунча тадбиркор бўлса, фақат “буз-буз” бўлаётгани йўқ. Масаланинг ечими топилганидан кейин, ишнинг нотўғри қилингани аниқланса, айбдор жавобини беради. Прокуратура назорат қилувчи орган. Ҳаммасини тушунтириб, кўрсатиб беради. Кеча тадбиркорлар билан гаплашдим. Тадбиркорлар ҳам ҳаммасини тўғри тушунди. “Мана, гаплашса бўлар экан-ку”, деди. “Сабр қилинг, нима бўлса ҳаммасини қонуний ҳал қиламиз”, дедим. Бизни мақсадимиз халққа тўғри тушунтира билиш. Бугунги кунда тадбиркорларга ҳамма имкониятлар яратилган.
Халқда “онангни қози сўкса, дардингни кимга айтасан”, деган гап бор. Юнусободда ноқонуний бинолар қирғини, снос, буз-бузларга биринчи марта дуч келаётганимиз йўқ. Анъанага айланган ҳолат, Анъанага айланган одамлар. Бош ролда яна прокуратура ходими Умид Азизов.
Биз бекорга бу ҳолатни “анъанавий”, Умид Азизовни эса “бизга қадрдон”, деётганимиз йўқ. 2021 йилнинг сентябрь ойида ҳам айнан шундай ҳолат рўй берган эди. Бунда Прокуратура ходими Умид Азизов нафақат фуқароларга, балки QALAMPIR.UZ журналисти ва тасвирчисига ҳам қаршилик кўрсатиб, унинг камерасини олиб қўймоқчи, ўзини эса Ичи Ишлар идораларига юбормоқчи бўлган. Аммо унинг уринишлари зое кетди. Оқибатда эса, жаноб Азизовга ҳайфсан жазоси тайинланди. Кўриниб турибдики, Азизов ўтган воқеалардан ҳали хулоса чиқармаган. У эски одатини орадан тўрт ой ўтиб яна такрорлади.
Юқоридаги суҳбатлардан кўриниб турибдики, бугун нафақат тадбиркорлар балки туман ҳокимиятининг ўзи ҳам иш бўйича адолатли қарорни ҳуқуқ тартибот органларидан кутмоқда. Бунга масъул орган, прокуратура ходимининг ўзи ноқонуний хати-ҳаракатлар қилиб турган бўлса, дардингизни кимга айтасиз? Юнусобод ҳокимлигидагилар эса қачонгача туманда бўлаётган ҳодисаларни ОАВдан эшитади-ю, қачонгача прокуратурадан жавоб кутиб яшайди? Ёки туманда бошқарув шу қадар издан чиққанми?
Ҳокимбува қаердасиз?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь