Юнусободда ИИББ ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро юз берди

3-саҳифа 15941
image

Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари орасидаги келишмовчилик видеоси тарқалди. Видео автомобиль ичидаги гувоҳ томонидан суратга олинган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, кеча, 13 декабрь куни тахминан соат 15:00 да Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари подполковник Ш.Алимқулов ва капитан Д. Мажидовлар “Универсам” савдо комплекси яқинидаги ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи аёл, эркак ва йигитни кўришган. Ходимлар бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўп марта мурожаат қилганига қарамай улар ер ости йўлагида савдо молларини териб қўйган.

Мазкур шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришган. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтган.

“Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб атрофдагиларнинг эътиборини тортишди, уларнинг ўғли бўлган йигит эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлди. Воқеа жойига патруль-пост хизмати ходимлари етиб келишганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан патруль-пост хизмати ходимини юзидан урган”, дейилади ИИББ хабарида.

Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган ва уч нафар тартиббузарнинг шахсларни аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-сон ИИБга олиб кетилган. Ер ости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келишган.

Ҳуқуқбузарлар – Навоий вилоятилик 43 ёшли Акромжон ва 42 ёшли Холисхон Турдиевалар ва уларнинг ўғли 19 ёшли Абдураҳим Хидиров эканлиги аниқланган.

“Шунингдек маълум қиламизки, интернет тармоғида тарқаган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсинмасдан фаол қаршилик кўрсатган Абдураҳим Хидировнинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл – 42 ёшли Холисхон Турдиева савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган.
Ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда”, дейди ИИББ.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 420
Рейтинг: 3
t
×