Юнусободда қувур ёрилиши оқибатида қанча ичимлик суви йўқотилди?
Жамият
−
10 Июль
5058Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида катта сув ўтказгич тармоғидаги носозлик сабаб кўчаларни сув босганди.
Бунинг оқибатида 80-85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган. Бу ҳақда кеча, 9 июль куни “Ўзсувтаъминот” АЖ бўлим бошлиғи Асилжон Муҳиддинов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, носозлик 1970-1975 йилларда тортилган сув қувурларининг бугунги кунда таъмирталаб аҳволга келгани ва ўша тармоқда ортиқча босим пайдо бўлгани оқибатида кузатилган. Бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, носозлик жараёнида 80-85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган. Бу Тошкент шаҳрига бир кунда узатилаётган ичимлик сувининг 3,2 фоизини ташкил қилади.
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раис ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, авария диаметри 1200 миллиметрли қувурнинг 800 мм бўлган қувурга уланган қисмида содир бўлган.
“Ушбу ҳодисада йўқотилган ичимлик суви зарари аҳоли ёки ўша ҳудуддаги истеъмолчилар бўйнига ҳисобланмайди. Техник йўқотишлар аввалдан кўзда тутилади. Агар йил давомида [йўқотишлар] 17 фоиздан ошадиган бўлса, қувур эгаси, яъни бизнинг ташкилот зарари ҳисобланади, табиий йўқотиш, деган мазмунда зарар қопланади. Бу ҳеч қанақасига истеъмолчилар бўйнига тушмайди” деган жамият бошқарув раиси ўринбосари.
LiveБарчаси