Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш тўхтатилди
Олам
−
03 Январь
14594Бугун, 3 январь куни Жанубий Корея терговчилари мамлакат тарихида биринчи марта президент Юн Сок Ёль қароргоҳига уни ҳибсга олиш мақсадида етиб борганди. Терговчилар Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш бўйича бўлган беш соатлик қарама-қаршиликдан сўнг унга қарши ордер ижросини тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
“Давом этаётган қарама-қаршилик туфайли ҳибсга олиш ордерини бажариш деярли имконсиз бўлиб қолди. Офицерларнинг хавфсизлигидан қўрқиб, биз ордер ижросини соат 13:30 да тўхтатишга қарор қилдик”, деган Марказий разведка бошқармаси.
Маълум қилинишича, терговчилар ушбу масалани йиғилишда муҳокама қилиб, кўриб чиққандан сўнг, ҳозирги шароитда қандай давом этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қайд этилишича, департамент ходимлари ва полициядан иборат тергов гуруҳи қароргоҳдаги иккита кордон чизиғини бузиб ўтишга муваффақ бўлган.
“Биз қонунга мувофиқ жавоб бермаган гумондор томоннинг ёндашувидан қаттиқ хафа бўлганимизни билдирамиз”, дея қўшимча қилган департамент.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 3 декабрь куни кечқурун Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. Аммо бу ҳолат тахминан олти соатдан кейин бекор қилинди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 14 декабрь куни Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент эълон қилинди. Оқибатда унинг ваколатлари тўхтатилди.
Бирлашган тергов гуруҳи 14 декабрь куни парламентда импичмент эълон қилинганидан кейин ваколатлари тўхтатилган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер бериш учун Сеул судига мурожаат қилганди. Шундан сўнг, Жанубий Корея суди терговчиларнинг илтимосини қаноатлантириб, мамлакатнинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер берганди.
LiveБарчаси