Юн Сок Ёль импичменти бўйича қонун лойиҳаси парламентга қайта киритилди
Олам
−
11:48
842Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг импичменти тўғрисидаги қонун лойиҳаси Миллий ассамблеянинг ялпи мажлисига қайта киритилди. Овоз бериш 24 соат ичида бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Жанубий Корея қонунларига кўра, импичмент бўйича овоз бериш тегишли ташаббус парламент ялпи мажлисида тақдим этилганидан кейин 24-72 соат ичида ўтказилиши мумкин. Ўтган ҳафта охирида импичмент бўйича биринчи уриниш муваффақиятсизликка учрагач, мухолифат ҳар ҳафта давлат раҳбарини лавозимидан четлаштириш масаласини кўтаришга ваъда берди. Овоз бериш эртага, 14 декабрь куни тахминан соат 17:00 да ўтказилиши кутилмоқда.
Кеча, 12 декабрь куни олти мухолифат партия депутатлари тегишли ҳужжатни парламент аппаратининг тегишли органига тақдим этган. Ташаббусни 191 депутат қўллаб-қувватлаган. Миллий ассамблеяда 300 нафар депутат мавжуд бўлиб, улардан бири расмий равишда нейтрал спикер ҳисобланади. Ҳукмрон “Халқ кучи” партияси 108 ўринни эгаллаган. Импичмент эълон қилиш учун эса 300 та депутатдан 200 та овоз керак.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш бўйича мамлакат парламентида етарли овоз йиғилмагани боис жараён бекор қилинган эди. Импичмент жараёни тўхташига “Халқ кучи” ҳукмрон партиясининг кўпчилик аъзолари овоз бермасликни танлагани сабаб бўлган.