Юн Сок Ёль 2025 йил бошида истеъфога чиқиши мумкин
Олам
−
10 Декабрь
1470Корея Республикасининг “Халқ кучи” ҳукмрон партияси Президент Юн Сок Ёлнинг 2025 йилнинг биринчи ярмида муддатидан олдин истеъфога чиқишини назарда тутувчи бир нечта режани тайёрлаган. Бу ҳақда KBS телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу режалар ичида Президентнинг февраль ойида истеъфога чиқиши ва апрель ойида муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши кўзда тутилган вариант мавжуд. Бошқа бир режа Президентнинг март ойида истеъфога чиқишини, май ойида эса сайловлар ўтказилишини таклиф қилади. Бу таклифлар партия раиси Хан Дон Хунга тақдим этилган.
Конституцияга биноан, агар Президент лавозими бўшаб қолса, 60 кун ичида муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши лозим.
Жорий йилнинг 3 декабрь куни Президент Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У бу қарорини Шимолий Корея кучлардан ҳимояланиш билан изоҳлаганди. Жанубий Кореянинг мухолиф “Тобуро” демократик партияси мамлакат Президенти Юн Сок Ёлдан ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун истеъфога чиқишни талаб қилганди. Сал ўтиб эса Жанубий Корея Президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун халқдан узр сўраб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни Жанубий Корея парламентида президентга импичмент эълон қилиш бўйича овоз бериш бўлиб ўтганди. Аммо овоз бериш ҳукмрон партия томонидан бойкот қилингани сабабли импичмент қабул қилинмади. Кейинчалик Сеулда бўлиб ўтган парламент қўмитаси йиғилишида Жанубий Корея Адлия вазирлиги мамлакат Юн Сок Ёлга мамлакатни тарк этишни тақиқлади.