Каннаваро Кореядан учралган мағлубиятга изоҳ берди

Sport

−

image

Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Корея Республикасига қарши беллашувдан кейинги матбуот анжуманида ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди. Матбуот анжумани Ўзбекистон футбол ассоциациясининг You-tube каналида трансляция қилинди.

“Жуда яхши учрашув бўлди. Натижа борасида, албатта, афсусдамиз, бироқ ўйин сифати нуқтаи назаридан жамоамиз муносиб ҳаракат қилди. Футболчиларга Корея терма жамоасига имкон қадар кўпроқ қийинчилик туғдириш вазифасини қўйгандик. Учрашувнинг ҳар икки бўлимида ҳам кўплаб вазиятлар яратишга муваффақ бўлдик. Кучли рақибга қарши баҳсларда эса кичик тафовутлар ҳам якуний натижани белгилаб беради”, дейди Каннаваро.

Мураббийнинг айтишича, у энг аввало, футболчилардан ўзларига бўлган ишонч билан майдонга тушишини талаб қилган. 

“Корея Республикасида бундай даражадаги учрашув ўтказиш осон эмаслигини яхши англагандик. Ғалаба билан қайтиш учун ўйиннинг барча жиҳатлари юқори савияда бўлиши керак эди. Бу, аввало, юқори интенсивлик, фаол ҳаракат ва тўп назоратини англатади. Натижада мазкур жиҳатларнинг маълум қисмини амалда намойиш эта олдик. Учрашув давомида кўплаб голли вазиятларини яратдик”, дейди мураббий. 

Унинг билдиришича, Корея терма жамоасининг аниқ зарбалари сони ҳисобга олинадиган бўлса, улар бор-йўғи икки марта жиддий хавф яратган. Ўзбекистон терма жамоаси яратган вазиятларда эса рақиб дарвозабони бир қатор муҳим сейвларни амалга оширган. Бу эса жамоанинг яратилган имкониятлардан фойдалана олмаганининг асосий сабабларидан бири бўлган.

“Шундай бўлса-да, бу — футбол. Келгусида ҳам жамоамизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини излашда давом этамиз”, дейди Каннаваро.

Шу билан бирга, у сўнгги пайтларда Ўзбекистон футболида ўсиш кузатилаётгани ҳақида фикр билдирган.

“Жамоага тайинланганимдан сўнг, Жаҳон чемпионатига қадар таркибга катта ўзгаришлар киритмасликка қарор қилгандик. Ўша даврда туб ўзгаришлар қилишдан кўра, аввалги бош мураббий томонидан олиб борилган ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. Чунки айнан ўша жамоа Жаҳон чемпионатига чиқишдек муҳим натижага эришган эди”, дейди италиялик мутаххасис.

Унинг қайд этишича, Жаҳон чемпионатидан сўнг жамоада муайян ўзгаришларни амалга оширишга киришилган. Хусусан, ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш йўли танланган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёшлар футболига катта эътибор қаратиб, ушбу йўналишга сезиларли инвестиция киритмоқда. 

“Зарур инфратузилма ва шароитлар ҳам яратилаётганини инобатга олиб, жамоада босқичма-босқич ўзгаришларни амалга оширишни тўғри деб билдик.

Ҳозирда ушбу жараён изчил давом этмоқда. Бугунги учрашув ҳам ёш футболчиларимиз учун Корея Республикаси каби кучли рақибга қарши баҳсда катта тажриба орттириш имконини берди.

Якунда энг муҳим омил – футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ҳамда юқори савиядаги футбол намойиш этишга асосланган ягона фалсафадир. Ана шу йўналишда изчил ҳаракат қилсак, олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша олишимизга ишонаман”, дейди Фабио Каннаваро.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жанубий Корея миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон МТЖ 2:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Умуман олганда, ушбу FIFA кунларида Ўзбекистоннинг асосий терма жамоаси 3 та ўртоқлик ўйини ўтказди. Улардан иккитасида – Эрон билан 3:1, Сурия билан эса 4:1 ҳисобидаги ғалабага эришилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends