ЙТҲдан кейин Адам Қодировнинг талоғи олиб ташланди – ОАВ
Олам
−
13 Февраль 11723 1 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўғли ва минтақа Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодиров январь ойида Грознийда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг талоғидан айрилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Новая газета Европа” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 18 ёшли Адам Москвадаги Боткинская шифохонасида ярим йил давомида қатъий парҳезга риоя қилиш тавсиясини олган. Шунингдек, унда жағ суягида ёриқ аниқлангани, шу сабабли вақтинча қаттиқ овқат истеъмол қила олмагани айтилади. Уч ҳафта ичида у анча озиб кетгани таъкидланади.
Манбага кўра, шифокорлар кўриш қобилияти пасайганини ҳам аниқлаган. Оқибатлари ҳозирча номаълум, ёш Қодиров бир кўзидан кўр бўлиб қолиш хавфи борлиги билдирилган.
Чеченистон расмийлари томонидан бу маълумотлар ҳозирча тасдиқланмаган.
Рамзан Қодировнинг Telegram-каналида 10 февраль куни жойланган видеода кичик Қодиров “кечки овқат” пайтида хонага кириб келаётгани акс этган. Кадрларга қараганда, у бир неча килограмм вазн йўқотган. Видеода у овқат емаётгани кўринади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим Чеченистон Telegram-каналларида республика раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров Грознийда йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ Рамзан ўғли республиканинг куч тузилмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказгани ҳақидаги видеони эълон қилди. Бироқ, Адам Қодиров шундан буён жамоатчиликка кўриниш бермади.
Live
Барчаси