Йирик компания раҳбари ходимасига шилқимлик қилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
30 Сентябрь
29793Ўзбекистондаги йирик лизинг компанияси бош директори ўз ходимига шилқимлик қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича, 26 сентябрь куни тахминан соат 15:00 ларда йирик лизинг компаниясининг бош директори корпоратив бўлимида ишлайдиган ходима аёлга топшириқ бериш мақсадида кабинетига чақирган. У аёлдан лойиҳа учун йўл харитасини тузишни сўраган ва нима қилиш кераклигини қоғозларга ёза бошлаган.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, суҳбат давомида у столдан туриб, ходиманинг ёнига ўтириб, топшириқни тушунтиришда давом этган ва янада яқинроқ эгилиб, қизнинг елкасига қўлини қўйган ва унинг атирига қизиқиш билдирган. Эркак қизнинг қўлини ушлаб ўзига қаратган ва унинг қўлини ўпмоқчи бўлган. Қиз кучини йиғиб, қўлини тортиб олган ва ундан узоқлашган.
“Бошлиғим шундан кейин ўз столига ўтиб, “Ўзингиз айбдорсиз” деди. Мен жавобан нима деганим эсимда ҳам йўқ, ҳамон шокда эдим. У эса ҳеч нарса бўлмагандай топшириқни тушунтира кетди. Менинг ҳолатимни пайқагач, бошлиғим сўради: “Нима бўлди, нега кайфиятингиз йўқ?” Мен эса ҳеч нарса дея олмай турардим ва у шундай деди: “Фақат кўз ёши қилманг”, дейди жабрланувчи.
Шундан сўнг, аёл бўлган воқеани акасига айтиб берган. 27 сентябрь куни эрталаб улар ички ишлар бўлими, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга ариза берган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда шаҳвоний шилқимлик базавий ҳисоблаш миқдорининг 2-5 баробари миқдорида жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади, қоидабузарлик бир йил ичида такрор содир этилган тақдирда эса БҲМнинг 5-7 баробари миқдорида жарима солинади ва қамоққа олиш муддати кўпи билан 15 кунгача бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда беморини ўпиб олган шифокор 5 суткага қамалганди.