Еврокомиссия Ғазо аҳолиси учун қўшимча маблағ ажратишини эълон қилди
Олам
−
03 Март
4731Еврокомиссия Фаластин аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 68 миллион евро ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ёрдам халқаро ҳамкорлар, жумладан Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамияти орқали амалга оширилади.
Ушбу маблағлар 2024 йилда БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) орқали тақдим этиладиган 82 миллион евролик ЕИнинг яна бир ёрдам пакетини тўлдиради. Натижада умумий сумма 150 миллион еврога етади.
“Биз Ғазо ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги Фаластин халқини қўллаб-қувватлаймиз. Бегуноҳ фаластинликлар бошқаларнинг жиноятлари учун жавоб бермаслиги керак. Улар етарли даражада озиқ-овқат ва бошқа асосий эҳтиёжларга эга бўлмагани учун ҳаётларини хавф остига қўядиган оғир шароитларга дуч келмоқда. Шунинг учун биз бу йил уларни қўллаб-қувватлашни яна 68 миллион еврога оширмоқдамиз”, дейди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Шунингдек, Европа Комиссияси келаси ҳафта UNRWA’га яна 50 миллион евро ажратишни режалаштирганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида Исроил UNRWA ходимларини 2023 йил октябрь ойида ҲАМАСнинг мамлакат жанубига ҳужумига бевосита алоқадорликда айблаганди.
Шундан сўнг, бир қатор давлатлар UNRWA’ни молиялаштиришни вақтинча тўхтатганини эълон қилди – улар орасида Германия, АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Италия, Канада ва Финляндия каби донор давлатлар ҳам бор эди. Европа Иттифоқи эса Фаластин агентлигининг аудитини ўтказишни талаб қилди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси