Ер аҳолиси ҳаддан ташқари кўпайиб кетган – тадқиқот
Бу қизиқ
−
13:33 3187 2 дақиқа
Ер сайёраси аҳолисининг сони ресурсларга зарар етказмасдан сайёра таъминлай оладиган даражадан ошиб кетган. Бу ҳақда “Environmental Research Letters” (ERL) журналида эълон қилинган мақолада келтирилган.
Тадқиқотда мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда одамларнинг сонини баҳолаш имконини берувчи “сиғим қобилияти” концепциясидан фойдаланилган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, оптимал даража тахминан 2,5 миллиард кишини ташкил этади, ваҳоланки амалдаги аҳоли сони 8 миллиарддан ошиб кетган.
Тадқиқотчиларнинг билдиришича, бундай ўсиш асосан қазиб олинадиган ёқилғидан фаол фойдаланиш туфайли содир бўлган. Бу турмуш даражасини вақтинча ошириб, ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирган бўлса-да, лекин узоқ муддатли барқарорликни таъминламади.
Қўшимча равишда қайд этилишича, углеводородларга қарамлик экологик хавфларни кучайтиради ва иқлимга таъсир кўрсатади. Мутахассислар аҳоли сони ўсишда давом этишини тахмин қиляпти. Муаллифларнинг прогнозларига кўра, XXI асрнинг иккинчи ярмида аҳоли сони 11–12 миллиард кишига етиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда тарихдаги энг катта аҳолини рўйхатга олиш жараёни бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Ҳиндистонда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш жараёни 2011 йилда бўлиб ўтган ва унда 1,21 миллиард аҳоли қайд этилган. Ҳозирда аҳолининг сони 1,4 миллиарддан ортиқ деб баҳоланмоқда, бу эса Ҳиндистонни дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлатга айлантиради.
Live
Барчаси