Пекин аҳолиси 2035 йилга бориб “ўта қариган” жамиятга айланиши мумкин
Олам
−
11:53 467 2 дақиқа
Хитой пойтахти Пекин аҳолиси 2035 йилга бориб “ўта қариган” жамиятга айланиши кутилмоқда. Бу вақтга келиб, шаҳар аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини 60 ёш ва ундан катталар ташкил этади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил охирида Пекинда 60 ёш ва ундан катта бўлган доимий аҳоли сони 5,29 миллион кишини ташкил этган. Бу шаҳар аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисмига тенг. Демографик таснифларга кўра, аҳолининг камида 30 фоизини 60 ёш ва ундан катталар ташкил қилган жамият “ўта қариган” деб ҳисобланади.
Шаҳар ҳукумати кексаларни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтирмоқда. Жумладан, асосий пенсия миқдорини ошириш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш ҳамда уй шароитида парвариш хизматларини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Кексалар сонининг ортиши пенсия тўловлари ва соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган юкни ҳам ошириши мумкин.
Нашрга кўра, Хитой аҳолиси 2022 йилдан бери қисқариб бормоқда ва тез суръатларда қаримоқда. Бу ҳолат ҳукуматнинг ички истеъмолни ошириш ва қарздорликни жиловлаш режаларини мураккаблаштирмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг камайиши эса мамлакат иқтисодиёти ва меҳнат бозорига қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Аҳоли сонининг қисқариши ва туғилиш даражасининг пасайишига қарши Хитой ҳукумати фарзандли бўлишни рағбатлантириш, болаларни парваришлаш харажатларини енгиллаштириш ва ота-оналарни қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда. Шунингдек, мамлакатда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш бошланган.
“Reuters” ҳисоб-китобларига кўра, Хитой ҳукумати 2026 йилда туғилишлар сонини ошириш учун тахминан 180 миллиард юань (26,92 миллиард доллар) сарфлаши мумкин.
Демографлар ва иқтисодчиларнинг фикрича, бугун болалар сонининг камайиши келажакда оилалар сонининг қисқаришига ва истеъмол ўсишининг секинлашишига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда тарихий рекорд қайд этилиб, 100 ёшдан ошган аҳоли сони илк бор 100 минг кишидан ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси