Елизавета II оила аъзоларига шаҳзода Гарри билан ахборот уруши бошлашга рухсат берди
Олам
−
14 Июнь 2021
5148Буюк Британия қироличаси Елизавета II ўзининг оила аъзоларига набираси шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган Марклнинг ҳақиқатга мос келмайдиган ҳар қандай баёнотларини расмий равишда рад этишга рухсат берди. Бу ҳақда “The Daily Mail” Букингем саройидаги манбаларига асосланиб ёзган.
Қайд этилишича, Британия монархи кўп йиллар давомида қатъий қоидага риоя қилган — “ҳеч қачон шикоят қилма ва ҳеч нарсани тушунтирма”. Бу қирол оиласига жанжаллардан қочиш ва муносиб обрў-эътиборни сақлашга имкон берган.
Нашрнинг таъкидлашича, қиролича Сассекс герцоги янги туғилган қизига Лилибет исмини берганидан сўнг, ўз позициясини ўзгартириши мумкин. Тахминларга кўра, қироллик уйи раҳбарига бу ташаббус ёқмаган ва у оиласининг қолган қисмига шаҳзода Гарри ва Меган Маркл билан ахборот урушини бошлашни буюрган.
Британия ва Америка оммавий ахборот воситаларида шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг янги туғилган қизи — Лилибетнинг исми билан боғлиқ тортишувлар сусаймаяпти. Британияда Гарри ва Меган қироличага хабар бермасдан, қизалоқ учун Елизавета II нинг болаликдаги тахаллусини танлаган, деб ҳисоблашмоқда. АҚШда эса Сассекс герцоги бу масалада бувиси билан маслаҳатлашгани даъво қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл жорий йилнинг 4 июнь куни иккинчи марта ота-она бўлишди. Қизалоққа Буюк Британия қироличаси Елизавета II ва шаҳзода Гаррининг онаси — малика Диана шарафига Лилибет Диана дея исм қўйилган. Маълум бўлишича, Елизавета II ни тор оилавий доирада Лилибет дея чақиришади.
Маълумот ўрнида, ҳозирда шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Санта-Барбара шаҳрида яшайди. Уларнинг илк фарзанди Арчи 2019 йил 6 майда дунёга келган.
LiveБарчаси