ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Тошкентга келади
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
5163Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 29−30 ноябрь кунлари Тошкентда бўлади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.
“Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан Европа Иттифоқи санкциялари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш мақсадида Тошкентга ташриф буюради”, дейилади расмий хабарда.
Тошкентга келишидан олдин О’Салливан 28 ноябрда Қозоғистонга боради ва у ерда мамлакат расмийлари билан учрашади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойида О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. Шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Пойтахтдаги матбуот анжуманида Дэвид О’Салливан Ўзбекистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслиги ҳамда бу бўйича ЕИ билан ҳамкорлик қилиши кераклигига тўхталиб ўтганди.
Аввалроқ, АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси Россиядаги 12 та ширкат билан бир қаторда Ўзбекистондаги "Mvizion" МЧЖни ҳам санкциялар рўйхатига киритган эди.
Айрим нашрларнинг ёзишича, ЕИ ҳам Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетига Москвага санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда гумонланган "Mvizion" МЧЖни киритишни режалаштирмоқда.