ЕИга аъзо айрим давлатлар Россияга қарши янги санкцияларни юмшатишга уринмоқда

Олам

image

Европа Иттифоқининг бир гуруҳ йирик давлатлари ЕИ расмийлари томонидан Россияга қарши тайёрланаётган янги санкцияларни юмшатишга интилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Манбага кўра, гап Россиянинг учинчи давлатлар орқали унга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишига тўсқинлик қилиши керак бўлган чекловчи чоралар ҳақида кетмоқда.

ЕИ раҳбариятининг режасига кўра, ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарларни экспорт қилувчи компаниялар маҳсулотини етказиб беришдан олдин депозит ҳисобварағига маълум миқдорда пул ўтказиши керак бўлади. Товарлар санкцияларни бузган ҳолда етказиб берилгани аниқланса, бу сумманинг ярми Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондга йўналтирилади ва етказиб бериш шартномаси бекор қилинади.

Қайд этиш жоизки, Европа комиссияси ноябрь ойи ўрталарига қадар Россияга қарши 12-санкция пакетини ишлаб чиқишни якунлади ва уни Европа Иттифоқига аъзо давлатларга кўриб чиқиш учун тақдим этди. Янги пакет доирасида санкция рўйхатига яна 120 нафар жисмоний ва юридик шахсларни киритиш таклиф қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа Иттифоқи 30 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Сингапур ва Россиянинг бир қанча инжиниринг компанияларига қарши санкциялар жорий қилмоқчи экани айтилганди. ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси эса Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 29−30 ноябрь кунлари Тошкентда бўлишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг