ЕИ Ўзбекистон ва Афғонистоннинг бошқа қўшниларига қочқинлар учун пул таклиф қилмоқчи
Олам
−
02 Сентябрь 2021
9108Европа ҳукумати Афғонистонга қўшни давлатларга таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда Брюсселдаги расмийларга асосланиб, “Financial Times” нашри хабар берган.
Таклифга кўра, қўшни давлатлар Афғонистондан қочиб келган муҳожирларга бошпана берса, эвазига Европа ҳукумати уларга 600 миллион евролик молиявий ёрдам беради.
Кўплаб Европа давлатлари Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келиши Европада инқироз юз беришига олиб келиши мумкин, деган хавотирда. Улар 2015 йилда юз минглаб суриялик қочқинлар Европа Иттифоқи мамлакатларига кириб келганини эслаган. Ўшанда Европа Иттифоқи ноқонуний муҳожирларни ушлаб туриш ва уларни Европага киритмаслик учун Туркияга тўлов таклиф қилган.
Энди эса Европа Иттифоқи расмийлари Покистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва ҳатто,
халқаро санкциялар остида бўлган Эронга ҳам молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр.
“Ҳозир энг муҳими, минтақага тўғри сигнал юбориш: ўша ерда қолинг ва биз одамларга ёрдам бериш учун минтақани қўллаб-қувватлаймиз”, деган Австрия, Дания ва Чехия вазирлари.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси