Россияда ўзбекистонликлар қочқин мақомини сўраганлар орасида етакчилардан бўлди
Олам
−
18:51 891 2 дақиқа
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 43 нафар Ўзбекистон фуқароси Россияга қочқин деб тан олиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 193 нафар хорижлик Россияга қочқин деб тан олиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган. Энг кўп бундай мурожаатлар Украина фуқароларидан келиб тушган – 52 та, яна 43 таси Ўзбекистондан, 21 таси Тожикистондан. Шунингдек, Беларусь, Сурия ва Қозоғистон фуқаролари ҳам Россияда уларни қочқин деб тан олишни энг кўп сўраганлар сирасига киради.
Бундан ташқари, Россияда Италиянинг бир нафар, Латвиянинг бир нафар, Молдованинг беш нафар, шунингдек, Швеция ва Сербиянинг яна бир нафардан фуқаролари қочқин деб тан олишни сўраб мурожаат қилган.
2022 йилдан 2026 йилнинг сентябригача жами 1 254 нафар хорижлик фуқаро Россияда ўзларини қочқин деб тан олишни сўраган. Бунда энг кўп Афғонистондан – 332 киши, шунингдек, Суриядан – 301, Украинадан – 158 ва Ўзбекистондан – 69 киши бўлган. Шунингдек, ушбу йиллар давомида Латвиянинг 14 нафар, Германиянинг 10 нафар, Польшанинг беш нафар, АҚШнинг икки нафар ва Франциянинг яна икки нафар фуқароси илтимоснома билан мурожаат қилган.
Live
Барчаси