ЕИ Ўзбекистон Ҳукуматини Қорақалпоғистон воқеаларини очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди

Жамият

image

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Иттифоқ Ташқи ишлар идораси сайтида эълон қилинган баёнотда сўз борган. 

“Европа Иттифоқи Ўзбекистон Конституциясига таклиф этилаётган тузатишлар эълон қилинганидан кейин Қорақалпоғистонда содир бўлган зўравонлик воқеаларини очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиради. Биз қурбонлар борлиги ва инсонлар ҳаётини йўқотганидан чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини диққат билан кузатишда давом этамиз”, дейилади баёнот аввалида. 

Шунингдек, идора Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан томонидан таклиф этилаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан жамоатчиликнинг хавотирларига тезкорлик билан муносабат билдириш бўйича кўрилган чораларни эътироф этган. 

“Биз барча томонларни ҳар қандай кучайиш ёки зўравонликларни давом эттиришнинг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминлик кўрсатишга чақирамиз. Европа Иттифоқи расмийларни Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги ва йиғилишлар эркинлиги каби асосий ҳуқуқларни кафолатлашга чақиради. 

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан мустаҳкам ва ривожланиб бораётган ҳамкорликка эга. Биз Ўзбекистоннинг ислоҳот борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз ва уни халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида фуқаролар ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу жараённи давом эттиришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made