ЕИ Россияга қарши 2014 йилги санкциялар муддатини узайтирди
Олам
−
17 Июнь
3353Европа Иттифоқи Қрим ва Севастопол шаҳрининг Россия Федерацияси томонидан ноқонуний аннексия қилинишига жавобан ташкилот томонидан киритилган санкцияларни яна бир йилга узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши ўз баёнотида маълум қилди.
Унга кўра, 2014 йилнинг июнь ойида киритилган санкциялар муддати энди 2025 йилнинг 23 июнигача амал қилади. Улар ноқонуний равишда қўшиб олинган Қрим ёки Севастополдан Европа Иттифоқига олиб кириладиган маҳсулотлар ва инфратузилмавий ёки молиявий инвестициялар ҳамда туризм хизматларини кўрсатишга қаратилган тақиқларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, айрим товарлар ва технологияларни Қрим компанияларига экспорт қилиш ёки у ерда транспорт, телекоммуникация ва энергетика соҳаларида ёки нефть, газ ва минерал ресурсларни қидириш ва қазиб олиш учун фойдаланишда ҳам Европа Иттифоқи чекловлари мавжуд.
Маълумот учун, бундан 10 йил олдин жорий этилган Европа Иттифоқининг Қрим ва унинг аҳолисига қарши санкциялари ўша пайтдаги Россияга нисбатан энг қаттиқ чекловлар бўлиб, улар иттифоқ томонидан яриморолни транспорт ва иқтисодий блокада қилишга қаратилган эди. Чекловлар орасида, шунингдек, биринчи марта Қрим аҳолисининг яриморолда олинган Россия хорижий паспортларидан фойдаланган ҳолда, Европа Иттифоқига киришини тақиқлаш ҳам бор эди. Шу билан бирга, иттифоқ яриморолнинг мамлакат таркибига киришини умрбод тан олмаслик стратегиясини ҳам қабул қилиб, ҳамжамиятнинг барча давлатлари унга риоя қилиши кераклигини белгилаб қўйди.
Бундан ташқари, ЕИ Беларусь Россия билан биргаликда Украинага қарши ҳарбий тажовузда иштирок этгани, Эрон Россияга дронлар, Шимолий Корея эса қурол етказиб бергани учун ҳам ушбу давлатларга чекловлар киритган эди.
Ушбу чора-тадбирлар умуман олганда, Россиянинг иқтисодий базасини заифлаштириш, уни муҳим технологиялар ва бозорлардан маҳрум қилиш ва уруш олиб бориш қобилиятини сезиларли даражада чеклаш учун мўлжалланган эди. Шу билан бирга, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатларга нисбатан Европа Иттифоқининг чекловчи чоралари Россиядаги жами 2100 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Бугунги кунга қадар Европа Иттифоқининг Қримга қарши санкциялари Россияга қарши 13 та чекловлар пакети билан тўлиқ қамраб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг февраль ойида Европа Иттифоқи Россия ДХР ва ЛХРни тан олгани учун мамлакатнинг учта банкига санкция киритганди. 2023 йилнинг февраль ойи охирларида ЕИ унга қарши санкцияларнинг 10-пакетини, хусусан, 121 жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чекловчи чораларни тасдиқлади. Март ойида эса мамлакатга қўйилган савдо чекловларини айланиб ўтишга ёрдам бергани учун Марказий Осиё давлатларига нисбатан ҳам санкция қўлламоқчилигини маълум қилди. 2024 йилнинг февраль ойида иттифоқ томонидан Россияга қарши яна бир бор санкция қўлланди. Бу сафар чекловларни ўз ичига олган “Қора рўйхат”да КХДР вазири ҳам бор эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь