ЕИ Россияга қарши 10-санкция пакетини қабул қилди
Олам
−
25 Февраль 2023
5513Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 10-пакетини, хусусан, 121 жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чекловчи чораларни тасдиқлади. Бу ҳақда бугун, 25 февраль куни ЕИ ташқи сиёсати раҳбари Жозеп Боррель маълум қилди.
“10-санкция пакети қабул қилинди. 121 жисмоний ва юридик шахс “қора рўйхатга” киритилди, импорт ва экспортга нисбатан муҳим янги чекловлар жорий этилди, Россия ташвиқоти оммавий ахборот воситаларига тақиқ қўйилди”, деб ёзди у Twitter саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, қора рўйхатга, хусусан, ҳарбий ҳаракатлар зонасидан болаларни Украинадан мажбуран олиб чиқишда иштирок этган шахслар киритилган.
“Рўйхатларимиз доирасида биз камида 6 минг украиналик болани депортация қилиш ва мажбуран асраб олишда айбдорларни нишонга олмоқдамиз. Бу халқаро ҳуқуқнинг, жумладан, кеча БМТ Хавфсизлик Кенгашида гапирган Женева конвенциясининг очиқдан-очиқ бузилишидир”, дея қўшимча қилди у.
Қора рўйхатга киритилган шахслар орасида уруш зонасидан болаларни мажбуран олиб чиқишни ташкил этгани учун Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татьяна Москалкова, Москва вилояти ҳукумати раисининг ўринбосари Вячеслав Духин, Бошқирдистон меҳнат, оила ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Ленара Иванова ҳам бор.
Брюссель санкциялар қарорида болаларни уруш зонасидан олиб чиқишни украиналик болаларни оммавий ўғирлаш деб атаган.
Янги санкциялар 25 февралдан эртароқ кучга киради.