ЕИ Исроилга Ғазо бўйича талаб қўяди – “Reuters”
Олам
−
17 Февраль 5698 2 дақиқа
Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбарияти жорий йилнинг 24 февраль куни 2022 йилдан бери илк бор ўтказилаётган ЕИ – Исроил ассоциация кенгаши йиғилишида Ғазо секторидаги можарони тартибга солиш бўйича ўз позициясини Исроил томонига тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЕИнинг Яқин Шарқдаги вазият бўйича дастлабки баҳоси акс этган ҳужжатга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, йиғилишда Европа дипломатлари Исроилдан Ғазо секторидан кўчирилган ва қочқин аҳолини “хавфсиз ва муносиб шароитда” уйларига қайтариш учун барча шароитларни яратишга кафолат беришни талаб қилади. Ҳужжат матнига биноан, ЕИ Ғазо инфратузилмаси ва иқтисодиётини “тез фурсатда тиклаш” жараёнига ўз ҳиссасини қўшишни режалаштирган ва Исроилдан бу ҳудудга тўлиқ гуманитар ёрдам етказилишига имкон яратишни талаб қилади.
Шунингдек, Европа дипломатлари ЕИ Исроилнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини, бироқ “икки давлат принципига асосланган ечимнинг ҳаётийлигини бузадиган ҳар қандай ҳаракатга қатъий қарши” эканини таъкидламоқчи. “Reuters” келтирган ҳужжатда “ЕИ тинч аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар орасидаги қабул қилиб бўлмайдиган даражадаги қурбонлар сонидан ҳамда Ғазога етарлича гуманитар ёрдам етказилмагани туфайли юзага келган фожиали гуманитар вазиятдан чуқур афсусда” экани қайд этилган.
Нашрнинг ёзишича, ЕИнинг позицияси араб давлатларининг Ғазо секторидаги можарони тартибга солиш бўйича қарашларига мос келади, бироқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сўнгги баёнотларига зид.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 февраль куни Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан музокаралардан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Вашингтон Яқин Шарқда тинчликни таъминлаш мақсадида Ғазо секторига узоқ муддатли эгалик қилиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган эди. У, шунингдек, Ғазодаги фаластинликларни бошқа минтақа давлатларига кўчириш ғоясини илгари суриб, бу давлатлар бундай кўчириш учун маблағ тўлашлари кераклигини таъкидлаган. Трампнинг таклифига араб давлатлари, Эрон ва айрим Ғарб мамлакатлари кескин қарши чиқди.
Live
Барчаси