Курс UZS

USD

12 993.15

-10.8

EUR

13 619.42

65.4

RUB

143.87

0.67

Ароқчи исроилликларни Гренландияга кўчиришни таклиф қилди (видео)

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо аҳолисини Иордания ёки Мисрга кўчириш ҳақидаги таклифига жавобан исроилликларни Гренландияга жўнатишни таклиф қилди. Бу ҳақда у “Sky News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

“Менинг таклифим бошқача. Фаластинликлар ўрнига исроилликларни чиқариб юборишсин. Уларни Гренландияга олиб боришсин. Шунда улар битта ўқ билан иккита қуённи уради”, деди Ароқчи.

Ароқчининг бу баёноти Трампнинг ғазоликларни Миср ва Иорданияга кўчириш таклифидан кейин янгради.

Жорий йилнинг 25 январь куни Дональд Трамп Иордания ва Миср урушдан вайрон бўлган Ғазо секторидан фаластинликларни қабул қилиши кераклигини айтганди. Ушбу таклиф Ғазо секторини ҲАМАС томонидан рад этилди. Шунингдек, Иордания ҳамда Миср томонидан ҳам қўллаб-қувватланмади.

Трамп Ғазони “тозаламоқчи”. Бу Яқин Шарқ учун нимани англатади? north_east

Трамп Ғазони “тозаламоқчи”. Бу Яқин Шарқ учун нимани англатади?

Ғазода Исроил ҳужумлари оқибатида оғир гуманитар инқироз юзага келган ва ўн минглаб одам ҳалок бўлган. Ушбу режалар вақтинчаликми ёки доимийми деган саволга Трамп “ҳар иккиси ҳам бўлиши мумкин”, деб жавоб берган.

Иордания аллақачон бир неча миллион фаластинликни қабул қилган, Мисрда эса ўн минглаб фаластинликлар яшайди. Ушбу мамлакатлар ва бошқа араб давлатлари Ғазо секторидаги фаластинликларнинг ўз ҳудудларига кўчиб келишини рад этиб келади. Ғазо Фаластиннинг келажакдаги давлатига тегишли ҳудуд сифатида кўрилади.

Исроил Молия вазири Бецалель Смотрич Трампнинг таклифини “ажойиб ғоя” деб атаган ва уни амалга ошириш бўйича режа ишлаб чиқиш ниятида эканини билдирган. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Смотрич илгари сураётган бу каби таклифларни бир неча бор рад этган.

ҲАМАС расмийлари эса фаластинликларнинг ўз ватанидан мажбуран чиқарилишига хавотир билдирган. ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Басим Найим “Reuters” нашрига берган баёнотида фаластинликлар Трамп таклиф қилган реконструкция баҳонасида таклиф этилаётган ҳар қандай ечим ва таклифларни қабул қилмаслигини айтган.

ҲАМАСнинг яна бир расмийси Сами Абу Зуҳри эса Трампни ўзидан аввалги президент Жо Байден томонидан синовдан ўтказилган муваффақиятсиз ғояларни такрорламасликка чақирган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 январида Ғазо секторида ҲАМАС ва Исроил ўртасида сулҳ режими кучга кирганди. Шундан сўнг фаластинликлар  вайрон бўлган уйларига қайтиб, бедарак йўқолган яқинларини қидира бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Ғазо Аббос Ароқчи Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг