ЕИ иқтисодий жиҳатдан “жонига қасд қиляпти” – Путин

Олам 11661
image

Россия Президенти Владимир Путин Европа давлатларининг энергия сиёсатини иқтисодий ўз жонига қасд қилиш деб атади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Шубҳасиз, Россия энергия ресурслари билан бирга иқтисодий фаолликни ошириш имконияти ҳам Европани тарк этади. Бундай иқтисодий авто-да-фе, ўз жонига қасд қилиш, албатта, Европа давлатларининг ички иши”, дея таъкидлаган Путин.

Таъкидланишича, энергия нархларининг ошиши Европа саноатининг салмоқли қисмининг рақобатбардошлигини қайтариб бўлмайдиган даражада бузиши мумкин. 

“Биз биринчи навбатда ўз иқтисодий манфаатларимиздан келиб чиқиб, прагматик ҳаракат қилишимиз керак”, дея тушунтирди Россия етакчиси.

Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари Россия энергия манбаларидан воз кечиш вазифасини қўймоқда, бироқ бу ўз иқтисодиётига зарар етказишига эътибор бермаяпти.

“Европаликлар очиқ тан олишади, улар ҳозирча Россия энергетика ресурсларидан бутунлай воз кечолмайди, энергетика балансида Россия углеводородлари улуши айниқса юқори бўлган Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари буни узоқ вақт давомида амалга ошира олмаслиги аниқ. Улар бизнинг нефтимизни ташлаб кета олмайди”, деди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 2.9
t
×