Ярим йил ичида 9 минг фуқаро Ўзбекистондан “сурди”

Жамият

image

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар, яъни “сурганлар” сони 9 минг кишидан ошди. Бу ҳақда Статистика агентлигининг январь-июнь ойларига оид ярим йиллик ҳисоботида келтирилган.

Ўтган йили январь-декабрь ойида жами 8 минг 790 киши Ўзбекистонни бутунлай тарк этган эди. Бундан кўринадики, 2023 йилнинг атиги ярим йилида хорижга кўчиб кетганлар сони бутун бошли 2022 йилги кўрсаткичлардан анча кўп.
Чет элга сурганларнинг 78,6%, яъни 7 мингдан ошиғи Қозоғистонга, 1,5 мингдан ошиғи эса Россияга кетишни афзал билган. Қизиғи, 2022 йилнинг январь-июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистондан Россияга анча камроқ, фақатгина 421 киши кўчиб кетган эди. 

Шунингдек, 43 киши Қирғизистонга, 27 киши Туркманистонга, 20 нафар фуқаро Тожикистонга ва 250 нафар ўзбекистонлик бошқа мамлакатларга бош олиб чиқиб кетган.

Энг ёмони, кўчиб кетганлар ёш гуруҳлари бўйича тақсимлаганда уларнинг катта қисми, яъни 82,3 % меҳнатга лаёқатли ёшдагиларни ташкил қилишини кўриш мумкин. Бунда фақат 9,3 % меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар ва 8,4 % меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2023 йилнинг ярмигача хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга кўчиб келганлар сони эса атиги 1 581 киши. Кўчиб келганлар орасида Россия фуқаролари етакчилик қилмоқда – 582 нафар фуқаро. Бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2,25 баробарга кўпдир. Қозоғистондан эса 382 киши доимий яшаш учун кўчиб келган.

Хуллас, Ўзбекистонга хориждан доимий яшаш учун кўчиб келганлар ўтган йилги кўрсаткичлардан анча камайган, мамлакатдан кўчиб кетганлар, ёки бошқача қилиб айтганда “сурганлар” ўтган йилга қараганда 6,4 баробарга кўпайган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

кўчиб келганлар Статистика агентлиги кўчиб кетганлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг