Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн сўмдан ошди
Жамият
−
26 Октябрь
3656Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ўртача номинал ҳисобланган ойлик иш ҳақи инфляция ҳисобга олинмаган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,42 миллион сўмдан 5,15 миллион сўмга (16,4 фоизга) ошди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, номинал ҳисобланган иш ҳақи – маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат. Ўртача иш ҳақини аниқлаш учун меҳнат дафтарчалари бўлган ишчиларнинг даромадлари, шунингдек, шахсий даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига бадаллар тўланган ҳолда уларга бериладиган нафақалар, иш ҳақи, рағбатлантириш ва компенсация тўловлари ҳисобга олинади.
Ҳисоботга кўра, ўртача ойлик иш ҳақи 4 йил ичида 2,56 миллион сўмдан 5,15 миллион сўмга (49,8 фоиз) кўтарилган. Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрига тўғри келади – 8,68 миллион сўм. Кейинги ўринларда Навоий (6,61 млн сўм) ва Тошкент вилояти (4,95 млн сўм) қайд этилган. Ўртача ойлик иш ҳақининг энг кам миқдори Қашқадарё (3,62 млн сўм), Сурхондарё (3,67 млн сўм) ва Наманган вилоятига (3,75 млн сўм) тўғри келади.
Ўртача ойлик иш ҳақи фаолият турлари бўйича кесимда олинганда, энг юқори кўрсаткич банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятига тўғри келади – 2020 йилдаги 5,81 млн сўмдан 2024 йилнинг жорий даврида 14,48 млн сўмга (40,12 фоиз) ўсган. Бу кесимда энг паст кўрсаткич таълим ва соғлиқни салаш соҳаларида қайд этилган.
Хусусан, таълимда ўртача ойлик иш ҳақи 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3,48 миллион сўмни ташкил қилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,3 фоиз ўсган.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида айни кўрсаткич январь-сентябрь ийларида 3,30 миллион сўмни ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,9 фоиз ўсган.
LiveБарчаси