Кексалар учун қисқартирилган иш вақти белгиланиши мумкин
Жамият
−
17:28 459 2 дақиқа
Ўзбекистонда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг келгусида пенсия таъминоти ҳамда давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланишини кафолатлаш мақсадида ижтимоий солиқни қатъий белгиланган тартибда тўлаш тизими жорий этилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларга ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10 фоиз қисми Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилиб, ўрнатилган тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан тўлаб берилади.
Шу билан бирга 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этилади.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда оила аъзоларининг мақомини белгилашда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклардан расмий даромад талаб этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш ва пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси