Пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври узайтирилиши мумкин
Жамият
−
16:53 1650 2 дақиқа
Ўзбекистонда пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун инобатга олинадиган охирги меҳнат фаолияти давомидаги беш йиллик иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга ошириб борилган ҳолда йигирма йилликдаги иш ҳақи даврига етказилади. Бунда пенсия тайинлашда ўртача иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг энг паст даромадли даврининг 10 фоизини пенсия ҳисоб-китобидан чиқариб ташлаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, келаси йил 1 январдан ёшга доир пенсия тайинлаш учун белгиланган камида 7 йил иш стажи ҳар йили бир йилга босқичма-босқич оширилган ҳолда 2034 йилда 15 йилга етказилади. Бунда энг кам иш стажига эга бўлмаган фуқароларга умумий белгиланган пенсия ёшидан беш йилдан кейин ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Бундан ташқари, юқори даромаддан ижтимоий солиқ тўлаётган ҳамда пенсия ёшида меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқароларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида 2028 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегараси:
- пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига;
- 6 ой кеч пенсияга чиқилганда – пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 14 бараваригача;
- 12 ой кеч пенсияга чиқилганда – пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваригача ошириш тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 30 сентябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси