Ўзбекистонда 2028 йилдан пенсия ёши оширилиши мумкин
Жамият
−
16:30 2148 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимида иштироки ҳамда пенсия тўлови даври ўртасида мутаносибликни таъминлаш мақсадида, шунингдек, аҳолининг умр кўриш даражаси ўсишини инобатга олган ҳолда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилади:
- 2027 йил 1 январдан бошлаб умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш;
- 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш.
Шу билан бирга фармон билан пенсия ёшини ошириш даврида пенсияолди ёшидаги фуқароларга қуйидагилар кафолатланиши белгиланади:
- пенсияолди ёшини важ қилган ҳолда ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўйилмайди;
- ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга 2 йил аввал муддатдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
- ерости ишларида, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда меҳнат тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркакларга 50-55 ёш ҳамда аёлларга 45-50 ёшдан қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
- пенсия олувчиларга татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш имтиёзлари сақлаб қолинади;
- эркакларга 60 ёшдан ва аёлларга 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқи берилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ҳамда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Солиқ кодексига мазкур фармондан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 30 сентябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” қонуннинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистонда пенсия ёши босқичма-босқич оширилиши режалашитирилаётгани ҳақида айтган эди.
Live
Барчаси