Лукашенко Тихановскаяни туҳматда айблади
Олам
−
31 Июль 2021
5953Беларусь Президенти Александр Лукашенко Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг ўтган йилда мамлакатдан кетиши тафсилотларини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 30 июль куни расмийлар билан ижтимоий-сиёсий вазиятнинг долзарб масалалари бўйича учрашувида гапирган.
Лукашенконинг сўзларига кўра, Тихановскаяни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишмаган, унга таҳдид ҳам қилинмаган.
“Мен уни Беларусни тарк этишга мажбур қилишгани, болалар қўлга олингани ва бошқа нарсалар билан таҳдид қилингани ҳақида бугунги ҳисоботимда ўқидим. Болаларга ота-оналари учун бундай масъулият юкланмаслиги керак, мен Литвага бораман ва болаларни қўлга оламан. Агар болаларни ўша ерга олиб борган бўлсангиз, уларни ҳимоя қилинг”, деган Президент.
Лукашенконинг айтишича, Тихановская шахсан Беларусь Президенти ҳузуридаги оператив-таҳлилий марказ бошлиғи Андрей Павлюченкога мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат ва молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Президентнинг таъкидлашича, шундан сўнг унга 15 минг доллар ва Литвага кетишга рухсат берилган.
“Бугун эса у унга таҳдид қилинганини, болаларини ундан тортиб олишганини ва ҳоказоларни гапиряпти. Ярамас. У ҳақида биринчи марта гапиряпман. Гарчи мен аёллар билан урушмайман”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, Беларусь мухолифати етакчиси ва президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская 28 июль куни АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашганди.
Тихановская жорий йилнинг 18 июль куни Қўшма Штатларга келган ва у ерда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, Сенат қўмитаси раиси ва АҚШнинг Беларусдаги элчиси Жули Фишер билан учрашган.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси