Япония Марс йўлдошига космик кема жўнатмоқчи
Технология
−
29 Июнь 2021
4144Япония 2024 йилда Марс йўлдоши — Фобосга космик кема юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда NHK хабар берган.
Маълум қилинишича, бугун, 29 июнь куни Япония Бош вазири Йошиҳиде Суганинг офисида космик тадқиқотлар соҳасидаги стратегия бўйича штаб йиғилиши бўлиб ўтган.
“Космос — бу одамларга орзу ва умидлар бахш этадиган чегара, шу билан бирга келажак иқтисодиёти ва жамиятини қўллаб-қувватловчи асосдир. Биз бугунги қарор асосида зарур чораларни кучайтирамиз”, деган Бош вазир йиғилишда.
Таъкидланишича, қайта кўриб чиқилган режа доирасида Фобосга Япония аэрокосмик агентлиги томонидан космик кема учириш режалаштирилган. Манбаларга кўра, 2029 йилга қадар тупроқ намуналарини олиш ва уларни Ерга етказиш ҳам режалаштирилган.
Аввалроқ, Хитойнинг Марсга учирган ровери Zhurong (“Чжучжун”) Ерга қизил сайёра сатҳидан бир қатор суратларни, шу жумладан селфиларини юборгани ҳақида хабар бергандик.