Янги Зеландия Россия ва Беларусга санкция қўллади

Олам

image

Янги Зеландия Россия Федерацияси ва Беларуснинг олти нафар шахси ва 17 ташкилотини санкциялар рўйхатига қўшди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Биз олти киши ва 17 субъектга материаллар етказиб бериш ва Украинадаги ҳаракатларида Россияга стратегик ёрдам кўрсатгани учун санкция қўллаяпмиз”, дейилади вазирлик сайтида.

Санкция рўйхатига Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Москалькова, Москва вилоятидаги болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Ксения Мишонова ва бошқа шахслар киритилган.

Шунингдек, “Протон-Электротекс”, "Электровыпрямитель" очиқ акционерлик жамиятига ва яримўтказгич қурилмаларини ишлаб чиқаришга нисбатан чекловлар кучга кирган.

“Ушбу санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплексининг 14 нафар шахси ва тузилмаларига тааллуқлидир. Улар Россия томонидан қўлланиладиган қуроллар, электрон компонентлар ва технологияларни (микроэлектроника ва яримўтказгичлар каби) лойиҳалаштиради, ишлаб чиқаради ёки етказиб беради”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Беларуснинг олтита молия институти, шу жумладан, Беларусь Тараққиёт банки, “Дабрабит” банки, “Белинвестбанк” ҳам санкциялар остида қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Россияга қарши янги санкциялар киритганди. Ушбу янги тўлқин биринчи навбатда Россиянинг ҳарбий-саноат секторига, илм-фан, банклар ва тоғ-кон саноатига қаратилган. Умуман олганда, Вашингтон санкциялар рўйхатини деярли 120 киши ва ташкилотга кенгайтирди. Улар орасида Россиянинг бир қанча банклари ва амалдорлари, жумладан, вазир ўринбосарлари ҳам бор.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Кенгаши Россияга қарши барча иқтисодий санкцияларни олти ойга – 2024 йил январи охиригача узайтирганди. 

Маълумот учун, 2022 йил февраль ойидан бошлаб Европа Иттифоқи Россияга қарши бир томонлама санкцияларни 11 та янги блокировка пакетлари билан кучайтирди. Ушбу санкциялар режими ЕИ тарихидаги энг йириги саналади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия санкция Янги Зеландия Беларусь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг