Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади
Жамият
−
22 Март 2019
7392Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тузилиши ҳақида хабар берган эдик.
Ҳужжатга кўра, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агентлик қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилади.
Жамғармани шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг ТИФ ТН коди 07 ва 08 бўлган товар гуруҳлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдан тушган божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) суммасининг 10 фоизига тенг ажратмалар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” ДУКнинг очиқ савдоларида сотилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бошланғич баҳосидан ошган сумманинг 50 фоизи;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Жамғарма маблағлари жумладан, боғларда ва иссиқхоналарда ирригация тадбирларини ўтказиш, сув етказиб бериш, артезиан қудуқлари, қудуқлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар харид қилиш учун сарфланади.