Энди Ўзбекистонда солиқларни кечиктириб ёки бўлиб тўлаш мумкин
Жамият
−
15 Май 5420 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2026 йил 6 майдаги 78-сон Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва мақсадлари белгилаб берилди.
Ушбу янги ташкилот инқироз ёқасидаги корхоналарга судгача бўлган босқичда ёрдам беради ва уларни соғломлаштириш билан шуғулланади. Фармонга мувофиқ, судгача санация тизимини такомиллаштириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари кенгайтирилмоқда.
Жумладан, 2026 йил 1 сентабрдан бошлаб:
- халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда айланмадан олинадиган солиқларни, шу жумладан, ушбу солиқлар бўйича солиқ текширувлари асосида қўшимча ҳисобланган солиқ ва молиявий санкцияларни тўлашни белгиланган тартибда кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади (бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно);
- солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашда гаров мулки, банк кафолати ёхуд суғурта полиси тақдим этилганда, молиявий ҳолати ва истисно этувчи ҳолатлар мавжудлигидан қатъий назар, солиқ органлари томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
- солиқ органларига солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги аризалар солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ҳамда кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилади.
Шунингдек, Фармон дастури билан солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартибини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш ва унда қайд этилганлар билан бир қаторда:
- янги тартиб бўйича қарор қабул қилиш ваколатини ҳудудий солиқ органларига бериш;
- айрим ҳолларда солиқ органи ўртасида онлайн келишув тузиш механизмини жорий этиш;
- шартларни тубдан енгиллаштириш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ қўмитасининг картадан-картага ўтказмаларни текширишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси