Солиқ қўмитаси картадан-картага ўтказмаларни текширишни бошлади
Жамият
−
13 Май 4241 2 дақиқа
Ўзбекистонда фуқароларнинг, айниқса юридик шахсларнинг пластик карталаридаги айланмалари – P2P орқали амалга ошириладиган пул ўтказмалари янада қаттиқ назорат қилинади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, айни пайтда солиқ органлари томонидан савдо фаолияти билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектларда савдо амалиётлари P2P – пластик картадан пластик картага пул ўтказмалари орқали амалга оширилаётган ҳолатлар таҳлил қилинмоқда. Афсуски, бундай операциялар орқали тушган айрим даромадлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаслиги оқибатида давлат бюджетига тегишли тушумлар тўлиқ шаклланмай қолмоқда.
Шу ҳолатлар юзасидан солиқ органлари томонидан юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда.
“Аниқланган ҳолатлар асосида солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ҳамда солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда”, дейилади муносабатда.
Манбага кўра, бу жараён жазолаш ёки босим ўтказиш эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва ҳалол меҳнат қилиб, қонун доирасида иш юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда корхоналарнинг 2025 йил якуни бўйича солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳолатига оид фискал маълумотлар очиқланиши ортидан QALAMPIR.UZ'нинг солиқ имтиёзларига "ботиб қолган" гигант компаниялар ҳақидаги таҳлили элон қилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси