Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида янги агентлик тузилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Қарорга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик);

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари тузилмаларида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги бўлимлари;

туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари тузилмаларида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги секторлари ташкил этилади.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

замонавий ресурс тежамкор технологияларни, шу жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаган ҳолда интенсив боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари майдонларини кенгайтириш, шунингдек, бозор конъюнктураси таҳлилини ҳисобга олган ҳолда мева маҳсулотлари турларини кўпайтириш чораларини кўриш;

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда илмий ютуқлар, илғор илмий ишланмалар ва интенсив агротехнологиялардан кенг фойдаланишни ташкил этиш;

“Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларига халқаро сертификатлаш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш;

мева маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва сотишнинг бутун занжирини ўз ичига олган кластер шаклини ташкил қилиш ва кооперация тизимини ривожлантириш бўйича чораларни амалга ошириш;

бозорлар конъюнктураси бўйича чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш йўли билан рақобатбардош маҳсулот етиштириш, уни сотишни ташкил қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;

ташқи бозорларда талаб юқори бўлган мева навларини жойлаштириш ва етиштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари соҳасида мутахассисларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, инновацияларни ривожлантириш ва жорий этиш масалалари бўйича маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, соҳага ихтисослашган хорижий ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда боғлар ва иссиқхона хўжаликлари майдонларининг электрон реестрини юритиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирига зарур ҳолларда Агентлик тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг