Яна бир Президент Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришини блокламоқчи
Олам
−
19 Май 2022
29881Хорватия Президенти Зоран Миланович Туркиядан кейин Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш учун аризаларини кўриб чиқиш жараёнига тўсқинлик қилиш истагини билдирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Айни пайтда агентлик Миланович Бош вазир Андрей Пленкович билан ҳам шу масала бўйича ҳам, бошқа қатор масалалар бўйича ҳам “қаттиқ тортишув ҳолати”да эканини таъкидлайди.
Миланович, хусусан, Хорватия ҳукумати Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолиги масаласини кўриб чиқишдан олдин, Босния ва Герцеговина билан боғлиқ муаммони ҳал қилиши керак, деб ҳисоблайди. Президентнинг сўзларига кўра, Загреб босниялик хорватларга мамлакат бошқарувида юқори лавозимларни эгаллашига кўпроқ имконият бериш учун мамлакатда қонунчиликни ўзгартиришга мажбур қилиши керак.
Босния ва Герцеговина федерал давлат бўлиб, унга Босния ва Герцеговина Федерацияси (шунингдек Мусулмон-Хорват федерацияси деб ҳам аталади) ва Серб Республикаси киради. Мамлакат раҳбарияти асосий диний ва этник гуруҳларнинг учта вакили - босниялик мусулмонлар, католик хорватлар ва православ серблардан иборат президиум томонидан таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, НАТОга кириш учун аризаг топширган Финляндия ва Швецияни аъзоликка олиш жарёнини бошлаш Туркия томонидан блоклаб қўйилганди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.