Яна бир банк жаримага тортилди
3-саҳифа
−
29 Июль
6181“Orient Finans” ХАТБ Термиз филиали реклама қонунчилиги бузилиши туфайли жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, қўмитага “Orient Finans” томонидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама воситаларининг қонунийлиги юзасидан мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида, банк филиали томонидан Термиз шаҳри Ҳаким Ат-Термизий кўчасидаги банк офиси олдида ўрнатилган ташқи реклама воситаларининг ўрнатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари (паспорт, гувоҳнома, рухсатнома ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар) мавжуд эмаслиги ҳамда реклама ахборотини тарқатиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан белгиланган тартибда шартномалар имзоланмасдан келинганлиги аниқланган.
“Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 24 ва 25 моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “Orient Finans” ХАТБ Термиз филиалига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси бўйича молиявий жарима қўлланилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нотўғри рекламага йўл қўйилиши ортидан “Ипотекабанк” ва “АVO bank” АЖ ҳам жаримага тортилганди.
Азизбек Эшмаматов