Рақобат қўмитаси яна бир банкни жаримага тортди
3-саҳифа
−
22 Июль
5659“АVO bank” АЖ (рақамли банк) га нисбатан реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан молиявий жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитага банкнинг мижозларга кўрсатаётган хизматларида нотўғри реклама тарқатаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган. Унда банк сайтининг “АVO бонуслари” саҳифасидаги реклама ахборотларида “250 минг сўм ҳар бир янги мижозга”, “+250 000 сўм сизга ва АVOнинг ҳар бир янги мижозига”, “Ҳисобингизга 250 минг сўм олиш” ва “Картага 250 минг сўм олиш” каби маълумотлар кўрсатилганлиги, бироқ банк томонидан ҳар бир янги мижозга ушбу суммадаги пуллар берилмаслиги айтилган. Пул кўринишидаги бонусларни олиш учун банк мижози маълум бир ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, шунда ҳам мижозга 250 минг сўм пул маблағи нақд пул кўринишида тақдим этилмасдан, банкнинг мобил иловаси орқали бонус баллари кўринишида тақдим этилиши маълум қилинган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида банк веб-сайтида “AVO bank Ўзбекистондаги энг қулай мобил банк” мазмунидаги, жумладан, турли манбалар орқали эълон қилинган реклама ахборотларида “AVO bank” АЖнинг “АVO Platinum” кредит картаси ҳақида жойлаштирилган маълумотларида “AVO platinum кредит картаси – ҳар қандай харид учун 0% ставка” ҳамда “АVO platinum кредит картаси – 2 миллионга харид қилиб, 2 миллион қайтариш” мазмунидаги иборалардан фойдалангани кузатилган.
Ваҳоланки, банкнинг “АVO Platinum” кредит картаси маблағларидан фойдаланиш шартларига кўра, мижозларнинг ушбу кредит карталари орқали амалга оширган харид суммалари учун 45 кун давомида фоизлар ҳисобланмаслиги, харид амалга оширилган санадан 45 кун ўтгач ушбу пул маблағлари учун белгиланган тартибда кредит фоизлари ҳисобланиши маълум бўлган.
Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси 1-қисми ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси 1-қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “АVO bank” АЖга нисбатан реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги оқибатида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нотўғри рекламага йўл қўйилиши ортидан “Ипотекабанк” ҳам жаримага тортилганди. Шунингдек, “Кorzinka” супермаркетлар тармоғи ҳам жарима тўлаши хабар қилинганди.
LiveБарчаси