Яккабоғда юрагига ўқ теккан 20 яшар қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди
Жамият
−
09 Июнь 2020
21179Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали шифокорлари томонидан мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Пневматик милтиқ ўқидан жароҳатланган яккабоғлик 20 яшар қизнинг ҳаётини асраб қолинди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ўқ бемор Ч.С.нинг ўнг елкасидан кириб, кўкрак қафаси ўнг томонидан ўтиб бориб, ўнг ўпканинг юқори бўлагини тешиб ўтган. Юракнинг перикард қаватида тўхтаган. Айни пайтда беморнинг аҳволи қониқарли.
Қизга қандай қилиб ўқ тегди?
Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йилнинг 6 июнь куни, кечки соат тўққизлар атрофида Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Қ.С ўртоқлари билан бирга туманда жойлашган фермер хўжалигининг балиқ етиштириладиган кўлига боради. У ерда пневматик милтиқдан кўлдаги ўрдакларни овлаш мақсадида ўқ узган. Сўнг спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда 50 метр узоқликдаги кўл бўйида жойлашган дала шийпони олдида турган, унга олдиндан таниш бўлмаган фуқаро Ч.С.ни милтиқ дурбинидан кузатмоқчи бўлиб, тепкини босиб юборган. Оқибатда милтиқ ўқи фуқаро Ч.С.нинг ўнг елкасига бориб теккан ва унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Қ.С.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси