Яҳудийлар яна Ал-Ақсога кирди. Исроил ваъда берди

Олам

image

Ақидапараст яҳудийлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида ислом зиёратгоҳи – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб кириб, мусулмонларни гиж-гижлашда давом этмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

“Чоршанба куни яна ақидапарастлар - кетма-кет тўртинчи кун - Исроил полицияси фаластинлик намойишчиларни тарқатиб юборганидан сўнг, “Мағриб” дарвозаси орқали Ислом зиёратгоҳи мажмуаси ҳудудига киришди”, дейилади хабарда.

Бунга жавобан бир гуруҳ фаластинлик аёллар Исроил хавфсизлик кучларининг ҳаракатларига қарши ўтириб намойиш уюштирган.

Ақидапараст яҳудийларнинг исломий зиёратгоҳга қарши провокациялари 15 апрелда бошланган ва бир ҳафта давом этадиган яҳудийларнинг Песах байрамида тез-тез такрорланмоқда.

Айни пайтда Исроил расмийлари ақидапараст яҳудий кўчманчиларнинг жума кунидан Рамазон ойининг охирги кунигача Ал-Ақсо масжидига ташриф буюришига рухсат бермаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

18 апрель куни эса яҳудий ақидапарастлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида яна мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи ҳудудига кирди. Фаластинликларнинг қаршилик кўрсатиши ортидан полиция уларни калтаклаб, ҳибсга олди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо

Баҳолаганлар

471

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг