Яҳудий ақидапарастлар яна Ал-Ақсога бостириб кирди – ОАВ

Олам

image

Яҳудий ақидапарастлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида Ислом зиёратгоҳи – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб киришда давом этмоқда.

Бугун, 18 апрель куни эрта тонгда бомдод намозидан сўнг Исроил полицияси фаластинликларни куч билан тарқатиб юборгач, ақидапарастлар Ислом зиёратгоҳи ҳудудига кириб келган. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги хабар берди.

Исроил полицияси яҳудийлар киришидан олдин “юзлаб ниқобли фаластинликлар тош йиғишни бошлаганини” билдирган. Полиция яҳудий кўчманчилар хавфсизлигини таъминлаш учун фаластинликларни тарқатишга ҳаракат қилган.

Бундан олдин исроилликлар “Қибла” масжиди олдидаги оломонни тарқатиб юборгани, фаластинликлардан бири полиция томонидан ҳибсга олиниб, калтаклангани айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг