Walt Disney 10 млн доллар жаримага тортилди
Олам
−
16:35 886 2 дақиқа
Walt Disney болалар махфийлигини ҳимоя қилиш қонунларини бузганликда айбланиб, 10 миллион доллар миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда кеча, 30 декабрь куни АҚШ Адлия вазирлигига таяниб, “The New York Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Disney Worldwide Services Inc. ва Disney Entertainment Operations LLC компаниялари билан боғлиқ иш бўйича федерал суд қарори Disney’га YouTube’да болаларнинг онлайн махфийлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузадиган усулда фаолият юритишни тақиқлайди.
Қарорга кўра, Disney’дан келажакда YouTube’да болалар махфийлигини ҳимоя қилиш қонунига риоя этилишини таъминлайдиган махсус дастур ишлаб чиқиш талаб қилинган. Қайд этилишича, ушбу қонун 13 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган веб-сайтлар, иловалар ва бошқа онлайн хизматлардан ота-оналарни қандай шахсий маълумотлар тўпланаётгани ҳақида хабардор қилишни ҳамда бундай маълумотларни йиғиш учун ота-оналарнинг тасдиқланган розилигини олишни талаб этади.
“АҚШ Адлия вазирлиги ота-оналар фарзандлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланиш масаласида ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлашга қатъий содиқдир”, дейди бош прокурор ёрдамчиси Бретт Шумейт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ OpenAI Walt Disney билан уч йиллик лицензия шартномасини имзолаганди. Энди ChatGPT Images ва Sora фойдаланувчилари Disney, Marvel, Pixar ва Star Wars оламига мансуб 200 дан ортиқ персонажлардан тасвирлар ва видеороликлар яратишда фойдаланиши мумкин бўлади.