Венесуэлада 8 кун вайроналар остида қолган эркак қутқарилди

Олам

image

Венесуэланинг Ла Гуаира шаҳрида кучли зилзилалардан саккиз кун ўтиб, қутқарувчилар вайроналар остидан тирик қолган бир эркакни олиб чиқишга муваффақ бўлди. Маҳаллий расмийлар ва халқаро қутқарув гуруҳлари ушбу амалиётни “мўъжизавий қутқарув” деб баҳоламоқда. Бу ҳақда “CNN” хабар берди.

Маълум қилинишича, савдо марказида қўриқчи бўлиб ишлаган 43 ёшли Ҳернан Гил қулаб тушган автотураргоҳ остида тахминан 9 метр чуқурликда қолиб кетган. Уни қидириш ва хавфсиз чиқариш ишлари 70 соатдан ортиқ давом этган.

Қутқарувчилар радар, овозни аниқлаш ускуналари ҳамда махсус камералар ёрдамида эркакнинг тирик эканини аниқлаган. Кейинчалик тор бўшлиқ орқали унга сув, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб турилган.

Қутқарув ишларида Венесуэла, Чили, Коста-Рика ва бошқа давлатлардан келган мутахассислар иштирок этган. Операция давомида бино ҳар қандай вақтда қулаб тушиши мумкинлиги сабабли ишлар ўта мураккаб шароитда олиб борилган.

Қутқарувдан сўнг Гил шифохонага етказилган. Шифокорлар унинг аҳволи барқарор эканини, ҳуши жойида бўлиб, барча ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканини маълум қилган.

“Яхшиямки, жаноб Ҳернан тез ёрдам машинасига олиб чиқилиши билан аҳволи барқарорлашди. Шифохонага олиб кетилаётганда ҳушида бўлиб, вазиятни яхши англаб турди. Ҳозирда унинг барча ҳаётий кўрсаткичлари меёрида”, дейди қутқарув ишларида қатнашган Венесуэла Қизил Хочи фельдшери Луис Родригес.

Гилнинг рафиқаси Гусвимар Гонсалеснинг айтишича, оиласи саккиз кун давомида унинг тирик қолишидан умид узмаган. Унинг сўзларига кўра, қутқарув хабари оилага яна умид бағишлаган.

БМТнинг Табиий офатларни баҳолаш ва мувофиқлаштириш гуруҳи вакили Себастян Мокоркер бундай ҳолат жуда кам учрашини таъкидлаган. Унинг айтишича, зилзиладан кейинги дастлабки 72 соат омон қолганларни топиш учун “олтин вақт” ҳисобланади ва ундан кейин тирик қолиш эҳтимоли кескин камаяди.

Венесуэла ҳукумати қидирув-қутқарув ишлари ҳали ҳам давом этаётганини билдирган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, зилзилалар оқибатида камида 2 295 киши ҳалок бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остида яна тирик қолганларни излашни давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада колумбиялик қутқарувчилар вайроналар остидан 11 ёшли болани олиб чиққанди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг