Венесуэлада 379 нафар сиёсий маҳбус озодликка чиқарилади

Олам

image

Венесуэла ҳукумати 379 нафар сиёсий маҳбусга амнистия эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни “Al Jazeera” хабар берди.

Қарор Николас Мадуро ҳокимиятдан ағдарилгач, вақтинчалик ҳукумат томонидан қабул қилинган янги қонун асосида амалга оширилмоқда.

Миллий Ассамблея амнистия тўғрисидаги қонунни бир кун аввал бир овозда қабул қилган. Қонун ижросини назорат қилаётган депутат Хорхе Арреаза маҳбуслар “бугун кечқурундан эртага эрталабгача озод қилиниши” кутилаётганини билдирган.

Таъкидланишича, янги қонун барча маҳбусларга татбиқ этилмайди. Хусусан, “терроризм” ёки хорижий кучлар билан ҳамкорликда давлат суверенитетига қарши ҳаракатларда айбланган шахслар амнистиядан четлаштирилган. Бу тоифа орасида айрим ҳарбийлар ва мухолифлар бор.

Мухолифат вакиллари қонун айрим сиёсий рақибларга нисбатан қўлланмаслигини танқид қилган. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса бу ҳужжат аввалги ҳукумат давридаги қонунбузарликларни оқлаш воситасига айланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Форо Пенал нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, амнистия эълон қилинишидан олдин Венесуэлада қарийб 650 нафар сиёсий маҳбус бор эди. Ташкилот раҳбари Алфредо Ромеро амнистия автоматик тарзда эмас, суд жараёнлари орқали амалга оширилишини маълум қилган.

Мамлакатнинг вақтинчалик президенти Делси Родригес давлат телевидениесида сўзлаган нутқида ҳукумат қарорини ҳимоя қилиб, мамлакатда “янада демократик ва адолатли жамият қурилаётганини” таъкидлаган.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Венесуэлада юзлаб, эҳтимол минглаб одамлар ҳукуматга қарши фитна уюштиришда айбланиб ҳибсга олинган. Янги амнистия қарори мамлакатдаги сиёсий вазиятни юмшатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэланинг муваққат ҳукумати собиқ президент Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилиб, Делси Родригес вақтинча раҳбар этиб тайинлаганидан кейин камида 4 нафар АҚШ фуқаросини ва ўнлаб маҳбусларни озод қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Николас Мадуро маҳбус амнистия Миллий Ассамблея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг