Вазият барқарор бўлса, нега ОТМлар анъанавий таълимга қайтмаяпти?
Жамият
−
24 Декабрь 2020
14760Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашган бўлса, нега ҳамон олий таълим муассасаларида анъанавий таълим жараёнларига қайтилмаяпти? Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларда олий таълим муассасалари фаолиятини анъанавий шаклда тиклаш бўйича ўзи қарор қабул қилиши мумкинлиги ҳақида айтилган бўлса-да, ОТМлар бунга жасорат топа олмаяпти.
Хўш, Ўзбекистондаги ОТМларда нега анъанавий таълим тикланмаяпти? Ушбу саволга тиббиёт фанлари номзоди, ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:
“Биринчидан, биз таълим жараёнлари таълим муассасалари ходимлари ҳамда талабалари учун хавфсиз бўлган муҳитда олиб борилишини босқичма-босқич йўлга қўйишимиз керак. Онлайн таълим қанчалик яхши бўлмасин, талабалар олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлайди, бунинг учун эса улар анъанавий таълимни давом эттиришлари лозим. Анъанавий таълимда бир неча соат давомида бир хонада ўнлаб талабалар ва педагог дарс ўтишлари керак. Бундай ҳолат инфекцияни тарқалишини кучайтириши мумкин.
Иккинчидан, юртимизда коронавирус инфекцияси билан курашиш бўйича олиб борилган тизимли ишлар натижасида вазиятнинг барқарорлигига эришганимиз катта ютуқ. Лекин ҳозирда барча яхши тушунади, АҚШ, Европа ва МДҲ давлатларида бу касаллик кескин кўпаймоқда. Бунинг сабаби эса, одамларнинг карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмасликлари ва кўпчилик бўлиб тўпланишлари, одам гавжум жойларда ҳимояланмай юришларидир. Табиийки, бу бизни янада хушёр бўлишга ундайди.
Учинчидан, яна шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, талабалар ёш, ҳаракатчан ва фаол бўлиб, кўпроқ одамлар билан мулоқотда бўлишади. Бу эса, касалликни бир инсондан бошқа инсонга ўтишини, ОТМ ўқитувчилари ва талабалар турар жойларида яшайдиганлар орасида тарқалишини, шунингдек, уларнинг оилаларида ота-онаси ёки фарзандларига юқиш эҳтимолини кучайтиради”.
Убайдуллаевага кўра, 7 декабрь куни олий таълим муассасаларини касаллик ўчоғига айлантирмаслик мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги ОТМлар 2021 йилнинг 16 январидан анъанавий таълим қайтиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу гаплар ҳақиқатдан йироқ эканини маълум қилди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь