Президент коронавирусга қарамай тўйлар аввалгидек бўлаётганини танқид қилди
Жамият
−
08 Апрель 2021
9832Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 8 апрель куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида мамлакатда яна авж олган коронавирус масаласига ҳам тўхтатилиб ўтди.
“Жорий йил бошидан қилган меҳнатимиз натижаси билан бор-йўғи 30-40 нафар бемор аниқланиб келинаётган эди. Охир кўрсаткичларимиз шуни кўрсатяптики, бир кунда 150-180, 200 нафардан ҳам ўтган кунлар ҳам бўляпти. Бу жуда ёмон кўрсаткич. Ўта оғир беморлар ҳам бўляпти, минг афсус, ҳатто, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда”, дейди Президент.
Президент видеоселектор йиғилишида Бош вазир бошчилигида барча вилоят ҳокимларига коронавирусга қарши кураш бўйича ҳудудий штабларнинг ишини яна ташкил қилиш юзасидан топшириқ берди.
“Тиббий ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш ташлаб қўйилди. Тўйларга ва театрларга бориш, ҳамма нарса худди ҳеч нарса бўлмагандек [давом этяпти]. Минг афсус, қилган шунча ҳаракатимиз эртага ўз натижасини бермайди. Шунинг учун қандай тизим бўлган бўлса, шу тизимни давом эттиришимиз керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот ўрнида, кеча, 7 апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 195 нафар янги бемор аниқланди. Айни вақтда мамлакатда ушбу хавфли вирусни юқтириб олганлар расман 84 322 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирус қурбонлари эса 634 нафарга етган.
LiveБарчаси