Вазирлик гўшт нархи кўтарилишига таъсир қилган асосий омилларни санади
Жамият
−
26 Октябрь 2020
10855Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мамлакатда инфляция даражаси ва унинг ўзгарувчанлиги омиллари ҳақида маълумот берди ва гўшт нархининг ошиши омилларига тўхталиб ўтди.
Вазирликнинг сентябрь ойидаги инфляцион динамика таҳлилига таниб маълум қилишича, нархлар ўсишининг асосий сабаби озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг конъюнктураси бўлиб, бу ўз навбатида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, нон маҳсулотлари ва тухум нархларининг қимматлашиши, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг мавсумий ошиши билан изоҳланади.
Юқорида санаб ўтилган маҳсулот гуруҳларидан, биринчи навбатда, гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиши асосий сабаблари қуйидагилардир:
• ем-хашак базаси учун хомашё, ҳусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келди;
• Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши. Мисол учун 2020 йилнинг 8 ой натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 мин бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;
• 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.
Шу билан бирга, 2020 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Бундан ташқари, 2020 йил январь-сентябрь ойларида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган.
Сентябрь ойида ФАО индекси бўйича гўшт нархининг глобал конъюнктураси жорий йилнинг январь ойидан буён кузатилган умумий пасайиш тенденциясини давом эттириб, август ойига нисбатан бироз (0,9 ф.б.га) тушиб, ўртача 7,4 фоизга камайди. Йиллик ҳисобда, индекс ўтган йилнинг мос ойидаги қийматидан 9,5 фоизга камайди. Шу билан бир вақтда, қўй гўшти нархлари Австралиянинг юқори мавсумий таклифи туфайли тушган. Аксинча, парранда гўштининг юқори котировкалари халқаро савдонинг жадал суръатлари ва Бразилиядан чекланган экспорт таъминоти билан қўллаб-қувватланган. Бразилия маҳсулотларининг котировкалари ўсиши Австралия маҳсулотларининг нархининг пасайиши билан деярли қопланганлиги сабабли, қорамол гўшти нархи барқарор бўлиб қолди, бу эса барча бозорлар олдида турган импорт талабида акс этди.
“Юқоридаги омиллардан ва дунё ҳамда мамлакатимиздаги гўшт нархларининг ҳамоҳанг ҳаракатидан келиб чиқиб, гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган дейиш мумкин. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилади вазирлик шарҳида.
Маълумот учун, жорий йилнинг сентябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши тезлашди ва 2,2 фоиз даражасида шаклланди (2019 йилнинг сентябрь ойида – 1,4 фоиз). Мазкур ҳолат ойлик инфляция даражасининг 0,92 фоиз бандга ўсишида намоён бўлди. Шундай қилиб, 2020 йил бошидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 7,5 фоиз (2019 йилнинг шу даврида – 8,5 фоиз) даражасида ва йиллик ҳисобда – 17,7 фоиз (17,5 фоиз) даражасида шаклланди.
Гўшт маҳсулотларининг нархи сентябрда 3,8 фоизга ўсди. Қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5,0-5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса 1,8-1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь