Олий Мажлис қонунни ими-жимида Сенатга юборди. Маҳаллий тадбиркорлар шўрига шўрва тўкилиши мумкин
Жамият
−
16 Октябрь 2020
29954Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Солиқ кодексига қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётгани, агар ушбу қонун лойиҳаси мукаммал ишлаб чиқилмаса, мамлакатдаги кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар касодга учраши ва бозорни импортга бўшатиб бериши ҳақида хабар берган эдик.
Қонун билан Ўзбекистон айрим маҳсулотлар импортида ҚҚСни бекор қилмоқчи
Кодексга киритилиши режалаштирилаётган янги ўзгартиришга кўра, жорий йилнинг 15 октябридан 2021 йилнинг 1 июлигача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари ҳам ҚҚСдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.
Кодексга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб 2021 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар ҳомашёсини олиб кириш, шунингдек, уни реализация қилиш айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод этилишини ҳам назарда тутади.
Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар К.Эрназаров, М.Қурбонбоев ва А.Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда депутатларда томонидан қабул қилиниб, тасдиқлаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев маълум қилди.
Қонунда фақат тайёр импорт маҳсулотларига имтиёз берилиб, улар ҚҚСдан озод этилмоқда. Аммо, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар олиб келадиган хомашёларга ҚҚС сақланиб қолмоқда. Бу эса импорт маҳсулотнинг нархи маҳаллий ишлаб чиқарувчиникидан паст бўлишига, маҳаллий заводлар банкротликка юз тутишига ва минглаб ишчи кучидан воз кечишига сабаб бўлиши мумкин.
Айтайлик, импорт ўсимлик ёғи учун ҚҚС олиб ташланяпти. Бироқ, маҳаллий ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчилар хомашё – кунгабоқарни хориждан харид қилади. Биргина Россияда кунгабоқар хомашёсига 6,5 фоиз божхона солиғи ўрнатилгани етмагандек, Ўзбекистонда 15 фоиз ҚҚС мавжуд. Бу эса маҳаллий заводларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бир неча баравар ошишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, хомашё импортига ҚҚСнинг сақланиб қолиши, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, товуқ гўшти ва тухумнинг нархи ошишига ҳам сабаб бўлади ва бўлмоқда.
Россия айни вақтда 2021 йилнинг 1 январидан кунгабоқар экспортини тўлиқ тўхтатиш ёки божхона тўловини 20 фоизга ошириш масаласини кўриб чиқмоқда. Албатта, улар ҳам ички тадбиркорнинг фойдаси кўзламоқда. Ўзбекистон каби кўплаб мамлакатлар божхона ва солиқлар бўйича импорт маҳсулотга имтиёз бериб турган бир пайтда, хомашёни ўзида олиб қолиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириб, тайёр маҳсулотни сотишни истайди. Хўш, маҳаллий тадбиркорни ким ўйлайди?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь