Ўзбекистонда пенсиялар ижтимоий карта орқали берилади
Жамият
−
24 Июль
333022025 йил 1 октябрдан бошлаб пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра, ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда 2024 йил 18 июлдаги “Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарорида келтирилган.
Қарорга кўра, қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари “Ижтимоий карта” АТдан тақдим этилади:
- 2024 йил 1 декабрдан янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар;
- 2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш.
Бунда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади. Шунингдек:
- ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;
- кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар;
- 2025 йил 1 июлдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганларга белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммасини 1 иш кунида қайтариш;
- 2025 йил 1 октябрдан ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ фуқароларга бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар ҳамда моддий хусусиятга эга бошқа тўловлар тақдим этиш. Жумладан, пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан эътиборан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг бошларида Ўзбекистонда фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида 16 ёшдан ҳисобга олиш тартиби жорий этилганди. Президент фармони билан 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб минимал истеъмол харажатлари 648 минг сўм миқдорида белгилангани сабабли пенсиялар оширилганди. Шунингдек, пенсия тизимида ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси